Малайзия ва Ўзбекистонни боғлаган илм-маърифат кўприги
Малайзиянинг Мелака шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Малайзия таълим ва фан вазирлиги, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси, Бухоро давлат техника университети ҳамда Universiti Teknikal Malaysia Melaka ҳамкорлигида “Малайзия – Ўзбекистон: Биринчи халқаро олима аёллар форуми” юқори савияда ташкил этилди.
Форум икки давлат мадҳиялари садолари остида тантанали равишда очилди. Унда сўзга чиққанлар илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги илмий алоқаларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, аёл олималарнинг замонавий илм-фандаги ўрни, уларнинг инновацион ғоялари ва халқаро майдондаги фаоллиги юксак баҳоланди.

Форумни очиб берган Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова ўз нутқида аёлларнинг илм-фан тараққиётидаги ҳиссаси тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу каби халқаро анжуманлар нафақат тажриба алмашиш, балки янги илмий йўналишларни белгилаш ва инновацион ғояларни амалга ошириш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Тадбир доирасида бизнес-форумлар, илмий мулоқотлар, маданий ҳамда инновацион кўргазмалар ташкил этилди. Уларда икки давлат олий таълим муассасалари ўзларининг илмий салоҳияти, замонавий ишланмалари ва истиқболли лойиҳаларини намойиш этди. Бу эса иштирокчилар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини янада мустаҳкамлади.

Форумда Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этиб, 30 га яқин муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Бухоро давлат техника университети Sultan Idris Education University, Universiti Tun Hussein Onn Malaysia ва Universiti Teknikal Malaysia Melaka билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади. Бу келишувлар қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва академик алмашинувларни ривожлантиришга хизмат қилади.
– Мазкур форум аёл олималарнинг илмий салоҳиятини намоён этиш билан бирга, халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди, – дейди Садоқат Сиддиқова. – Ушбу мулоқотлар ва эришилган келишувлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион ташаббусларни илгари суриш ва илмий изланишларни кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади.

“Малайзия – Ўзбекистон: Биринчи халқаро олима аёллар форуми” икки давлат ўртасидаги илмий ва таълимий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеа сифатида тарихга кирди. У нафақат аёл олималарнинг нуфузини ошириш, балки глобал илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қиладиган самарали платформа бўлиб хизмат қилди.
Бундай анжуманлар мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаб, илм-фан ва инновациялар соҳасида янги имкониятлар эшигини очади. Энг муҳими, у келажак авлод учун илҳом манбаи бўлиб, илм йўлида янги ютуқларга замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА