Фан олимпиадаси ёшларнинг ўқишга бўлган интилишини кучайтиради
Мактаб ва олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаш, болаларнинг ўқишга бўлган интилиши ва қизиқишини янада кучайтириш, бугунги кунда энг долзарб йўналиш саналган муҳандислик бўйича кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (Миллий тадқиқот университети) Тошкент шаҳридаги филиалида 10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Губкин фан олимпиадаси –2026” ўтказилмоқда.

Мазкур фан олимпиадаси талабаларнинг ижодий қобилиятлари ва илмий тадқиқотларга қизиқишларини аниқлаш ва ривожлантириш тизимини такомиллаштириш, педагогларни юқори мотивацияга эга ёшлар билан ишлашга жалб қилишни кўзлаши билан аҳамиятли.
Унда мазкур олимпиадада қатнашиш истагини билдирган умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежларнинг ўқувчилари “Рус тили” фани бўйича билимларини синовдан ўтказди.
– Таъкидлаш жоизки, филиалда олимпиада орқали иқтидорли ёшларни саралаш анъанага айланган ва бу ўзининг юқори самарадорлигини кўрсатди, – деди Россия давлат нефть ва газ университетининг (Миллий тадқиқот университети) Тошкент шаҳридаги филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Мирзаанвар Аҳмедов. – 2025 йилда филиалда ўтказилган “Рус тили” ва “Математика” фанларидан 1-Губкин фан олимпиадасида 267 та умумтаълим мактаби, 62 та лицей ва 7 та коллеждан жами 840 нафар ўқувчи мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан қатнашган. Натижаларга кўра, 9 нафар иштирокчи ғолиб деб эълон қилинган, 174 нафар иштирокчи совриндор бўлди ва филиалга кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида ўқиш имкониятини қўлга киритди.

Ҳозирда олимпиада натижалари асосида қабул қилинган 4 нафар ғолиб ва 60 нафар совриндор филиалда давлат гранти асосида таҳсил олмоқда.
Губкин фан олимпиадаси 2025 йил ғолиблари талабалар турар жойлари тўловларидан ҳам озод қилинган. 1-курсда 193 нафар талаба таҳсил олса, уланинг 116 нафари Губкин фан олимпиадаси ғолиб, совриндор ва иштирокчилари бўлиб, филиалга кириш имтиҳонларисиз қабул қилинган.
2025 йил ноябрь ойидан буён филиал Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри туманларига ташриф буюриб, мактаб-ОТМ тизимида таълимни ривожлантириш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш, умумтаълим мактаблари битирувчиларини касбий йуналтириш ҳамда филиал томонидан ўтказиладиган Губкин фан олимпиадаси мақсад ва вазифаларини тушунтириш буйича кенг куламли ишларни амалга оширди.
Филиал фаолияти натижасида 2026 йилги олимпиадада Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги 200 та мактаб, 19 та лицей ва 17 та коллеждан “Рус тили” ва “Математика” фанларига қизиқиш билдирган ва юқори даражадаги билим ва ижодкорликни намойиш этиш истагини билдирган 1320 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этади. Ҳар бир фан буйича 1100 дан ортиқ ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда.
Умумтаълим мактаблари вакиллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг кўплаб мурожаатларига кўра, 2026 йилги II Губкин фан олимпиадаси иккита ҳудудда бир вақтнинг ўзида - Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти иштирокчилар учун Нукус шаҳри П.Сейтов кўчаси, 8-уйда, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ва Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар иштирокчилари учун Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йули кўчаси, 34-уйда ўтказилмоқда.
Губкин фан олимпиадаси низомига мувофиқ олимпиада ғолиблари ва совриндорларига И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (Москва, Россия) сертификатлари топширилади. Бу уларга университетнинг Тошкент филиалига кириш имтиҳонларисиз талаба бўлиш ва филиалда давлат гранти асосида ўқиш имконини беради.

Губкин фан олимпиадаси ғолиб ва совриндори бўла олмаган, аммо тегишли фанлардан камида 40 балл тўплаган иштирокчиларининг ушбу натижалари тегишли фан бўйича кириш имтиҳонлари натижалари сифатида ҳисобланиши мумкин.
“Рус тили” фанидан олимпиада очилиш маросими 2026 йил 11 апрель куни бўлиб ўтди. Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги вакиллари, И.М.
Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети вакиллари, умумтаълим мактаблари директорлари ва олимпиада иштирокчиларинг ота-оналари иштирок этишди.
Бу каби фан олимпиадалари ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва қизиқишини тобора кучайтириш, соҳа учун билимли, салоҳиятли, ҳар жиҳатдан етук кадрларни саралаб олиш, таълим тизимининг турли бўғинидаги ўқув масканлари ўртасидаги интеграция ва ҳамкорликни таъминлаш имконини беради.
Назокат Усмонова, ЎзА