Экологик ва ҳуқуқий муаммоларга халқаро ечимлар муҳокама қилинди
Глобал иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликни асраш каби масалалар бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Бу муаммоларни самарали ҳал этиш нафақат илмий ёндашувни, балки мустаҳкам халқаро-ҳуқуқий механизмларни ҳам талаб этади. Шу нуқтаи назардан, экологик хавфсизликни таъминлашда халқаро ҳуқуқнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ана шу долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган “Халқаро ҳуқуқнинг долзарб муаммолари: халқаро экологик муаммолар ва ҳуқуқий ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анъанавий ва онлайн шаклда ўтказилган тадбирда маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, хорижий экспертлар, тадқиқотчилар ҳамда амалиётчилар иштирок этди.
Анжуманда глобал экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган самарали халқаро-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, замонавий экологик ҳуқуқнинг назарий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида амалий тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мамлакатимизда халқаро ҳуқуқни мустақил илмий йўналиш сифатида ривожлантириш, замонавий норматив-услубий ёндашувларни жорий этиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва касбий билимларни интеграциялаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-28960]
Конференция доирасида глобал иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликни асраш, Арктика ҳамда космик фазони муҳофаза қилиш каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди. Экологик соҳадаги халқаро ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш, иқтисодий ривожланиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси ўртасидаги мувозанатни таъминлаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбирда аҳолининг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлаш, экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш ҳамда халқаро экологик ҳуқуқ тамойилларини тизимлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастури ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Якунда глобал экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Таъкидланганидек, конференцияда илгари сурилган ғоя ва ёндашувлар нафақат илмий доираларда, балки амалиётда ҳам кенг қўлланилиши мумкин. Бу эса келгусида экологик муаммоларни ҳал этишда ҳуқуқий механизмлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Камола Юсупова, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА