“Айритом” да психотроп дори фош этилди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона пости ходимлари қўшни давлатдан ғайриқонуний олиб ўтишга уринилган 400 дона психотроп таблеткани ушлаб қолди.
Қўшни давлатдан чегара-божхона постига кириб келган юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилаётганида автомобиль кабинаси салон қисмида яширилган рангсиз полиэтилен пакет зийрак божхоначилар эътиборини тортди. Пакет кўздан кечирилганида унга жойланган турли дори воситалари орасида 400 дона “Clonazepam Sobhan 2” номли психотроп таблеткалар борлиги аниқланди.


Амалдаги қонунчилигимизда психотроп моддаларнинг мамлакатимиз ҳудудидаги муомаласи қатъий тартибга солинган. Шунга кўра уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки транзит тарзда ўтказиш фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилади.
Айни пайтда ҳолат юзасидан божхона органи ходимлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири