Аҳоли фаровонлиги учун ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда
Сирдарёда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун уй-жой тақсимоти ва мурожаатларни самарали кўриб чиқиш ишлари устувор вазифа сифатида олиб борилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 152 нафар ногиронлиги мавжуд ва шароити оғир аҳволдаги аёллар уй-жой билан таъминланди: 53 нафари кредит асосида, 85 нафари ҳомийлик йўли билан, 14 нафарга ер участкаларида уй қуриб берилди.
Уй-жойлар вилоят ҳокимлиги, туман-шаҳар ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар томонидан тақсимланди.

Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 59 нафар бола учун ҳам уй-жой таъминоти белгиланган бўлиб, шундан 43 тасига шартномалар тузилди, 16 та уй расмийлаштириш жараёнида. Ховос туманидаги “Тинчлик” маҳалласида 4 қаватли, 2–3 хоналик 24 та хонадон 24 та оилага, Ширин шаҳридаги АмирТемур маҳалласидаги 4 қаватли, 32 та хонадон эса 32 та оилага топширилади.
Вилоятдаги эски биноларни таъмирлаш ишлари ҳам белгиланган. Ховосда фойдаланиш муддати тугаган 2 та кўп қаватли уйнинг ўрнига қиймати 6,4 млрд сўмлик янги 4 қаватли, 24 хонадонли уй қурилмоқда.

Аҳоли билан мулоқот самарадорлигини ошириш мақсадида sirdaryoijro.uz ижро назорати тизими фаолият юритяпти. Жорий йилнинг февраль ойидан буён мазкур ижро назорат тизимига келиб тушган мурожаатларнинг 73,4 фоизи, яъни 7 437 таси кўриб чиқилган ва ижобий ҳал этилган.

– Бироқ жойларда ўтказилган текширувлар шуни кўрсатдики, аҳоли орасида боқимандалик ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Биз бу масалани депутатлар, маҳалла фаоллари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳал этмоқчимиз,– деди Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида иштирок этган вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов.

Шунингдек, сессияда уй-жой тақсимоти ва ижтимоий ҳимоя масалалари ҳамда аҳоли билан мулоқот самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Эркинжон Турдимовнинг таъкидлашича, мазкур чора-тадбирлар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Энг асосийси, вилоят раҳбарининг ярим йиллик давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи сессия иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири