Қурилишдаги ислоҳотлар: бюрократиядан шаффофлик сари
Муносабат
Бугунги тез ўзгараётган замонда давлатнинг куч-қудрати нафақат иқтисодий рақамлар, балки одамларнинг қандай муҳитда яшаётгани ва уларга яратилган қулайликлар билан ўлчанади. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг бош ғояси бўлган “Инсон қадри учун” тамойили ҳам, аввало, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиб беришни кўзда тутади. Бу олижаноб мақсадга эришишда эса замонавий уй-жойлар қуриш, шаҳарларимизни тизимли ривожлантириш ва урбанизация жараёнлари энг муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган қурилиш соҳаси мутахассислари, девелопер ва архитекторлар иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш мамлакатимизнинг яқин ўн йилликдаги меъморчилик ва шаҳарсозлик қиёфасини белгилаб берган тарихий воқелик бўлди. Шунингдек, ушбу мулоқот соҳа олдига қўйилган вазифалар шунчаки қурилиш ҳажмини ошириш эмас, балки аҳоли фаровонлигини юксалтириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва келгуси авлодлар учун хавфсиз ҳамда маданиятли яшаш муҳитини шакллантиришга қаратилган концептуал ёндашувдир.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ҳақиқатдан сўнгги йилларда иқтисодиётимиздаги юқори ўсиш суръатларини таъминлашда қурилиш индустрияси энг асосий локомотивлардан бирига айланиб бормоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги тўққиз йил ичида соҳада мисли кўрилмаган сифат ўзгаришлари юз берди. 2016 йилда қурилиш ишлари ҳажми 30 триллион сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткичнинг 314 триллион сўмга етгани иқтисодий қудратимизнинг 10 баравар ошганидан далолат беради.
Бугунги кунда соҳада 10 мингга яқин янги корхоналарнинг ташкил этилиши, 3,5 миллион аҳолининг бандлиги таъминлангани ижтимоий барқарорликнинг муҳим омилидир. Бироқ, бугунги давр эришилган натижалар билан чекланиб қолмай, дунёдаги шиддатли ўзгаришлар, замонавий лойиҳа ечимлари ва сейсмологик хавфсизлик стандартларига мос равишда ҳаракат қилишга ундамоқда.
Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси 38 миллиондан ошди, шаҳарлашув даражаси 51 фоизга етди. Бу кўрсаткич шунчаки статистика эмас, балки янги имкониятлар демакдир. Президентимиз таъкидлаганидек, урбанизация даражасининг 1 фоизга ўсиши иқтисодиётнинг камида 1 фоизга ўсишига, инвестициялар оқими ва меҳнат унумдорлигининг каррасига ортишига хизмат қилади.

Бунинг учун эса бизга тизимли ёндашув бош режа ва мастер режалар зарур. Ҳозирги кунда айрим ҳудудларда тадбиркорларнинг маблағи ва хоҳиши бўлсада лойиҳа ҳужжатларининг йўқлиги сабабли ишлар тўхтаб қолмоқда. Шу боис жорий йилда бюджет маблағлари ва ташаббускор бизнес вакиллари иштирокида 200 дан ортиқ аҳоли пунктининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилиши белгиланди. Бу ҳудудларнинг комплекс ривожланиши учун ташланган муҳим қадамдир.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳадаги энг оғриқли нуқта коррупция ва сансалорлик масаласига алоҳида тўхталди. Хусусан, тадбиркорнинг ерига солиқ, кредитига фоиз ёзилаётган бир пайтда, лойиҳа келишишнинг ойлаб чўзилишини Президент кескин танқид қилди.
Ечим сифатида 1 июлдан бошлаб тизим тўлиқ рақамлаштирилади ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилади. Эндиликда ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларга 5-10 дақиқада жавоб бериладиган, коммунал тармоқларга уланиш учун ягона ариза билан мурожаат қилинадиган шаффоф тизим яратилади. Бу соҳада йиллар давомида илдиз отган “қўлбола бошқарув” ва таниш-билишчиликка чек қўяди.
Шаҳарларимизнинг энига кенгайиши инфратузилма харажатларини 4-5 баравар ошириб, қимматли экин ерларининг камайишига олиб келмоқда. Шу боис, Президентимиз томонидан илгари сурилган реновация дастури давлат бошқарувидаги энг оқилона ечимлардан биридир. Маънан эскирган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган “барак” типидаги уйлар ўрнида замонавий, энергия тежовчи ва барча ижтимоий қулайликларга эга мажмуалар барпо этиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифасидир.
Албатта, юқоридаги ўзгаришлар билан биргаликда жамоатчилик учун муҳим бўлган қурилишда сифат назорати масаласи ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Эндиликда 3 миллиард сўмдан юқори бўлган барча объектларнинг қурилиши онлайн кузатув камералари остида амалга оширилади. Бу нафақат бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, балки биноларнинг мустаҳкамлиги ва хавфсизлигини кафолатлайди. Шунингдек, лойиҳачи ва пудратчиларнинг масъулияти KPI тизими орқали баҳоланиши соҳада соғлом рақобатни юзага келтиради.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу тизимли ислоҳотларнинг бош мақсади – Янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланган ҳар бир фуқаронинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини амалда таъминлаш ва инсон қадрини улуғлашдан иборатдир. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги ёндашувлар, айниқса, “Янги Ўзбекистон” массивларининг кенгайтирилиши ва реновация дастурларининг изчил амалга оширилиши аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг энг олий кўринишидир.
Бу жараёнда уй-жой қурилиши шунчаки меъморий лойиҳа эмас, балки миллионлаб юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, ижтимоий тенглик ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамловчи стратегик кафолат бўлиб хизмат қилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА