Санъат йўлидаги фидойиликнинг муносиб эътирофи
Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ва “Ялла” ансамбли ижросини наинки халқимиз, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги санъат мухлислари севиб тинглайди.
Унинг қўшиқчиликдаги ютуқлари юксак истеъдоди, такрорланмас ва ҳеч кимга ўхшамаган овози, ўта профессионаллиги билан бирга, томошабинга ҳурмати, саҳна, санъат одидаги масъулиятни доим ҳис эта билиши билан узвий боғлиқ.
Фаррух Зокировни “Ялла” ансамблисиз, “Ялла”ни устоз санъаткорсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар ижросидаги қўшиқлар халқимизнинг кўнгил мулкига айланиб кетган. Кўплаб авлодлар ана шу қўшиқлар таъсирида вояга етди, ўзининг беғубор орзулари сари қадам ташлади.

Санъаткор ҳақидаги телекўрсатувдаги бир жиҳат сира ёдимдан чиқмайди. Ўтган асрнинг 80-йилларида “Ялла” ансамбли Германиядаги ижодий фестивалда қатнашади. Ўзбек йигитларининг одоби, ўзини тутиши, муомала-муносабати халқаро тадбир иштирокчиларининг ҳайрати ва ҳавасига сазовор бўлган.
Таассуфки, қўшиқчилик соҳаси бугун аллақандай “шоу”ларга айланиб кетган бир даврда ҳам устоз санъаткор ва у бадиий раҳбарлик қилаётган “Ялла” ансамбли ўз маънавий қиёфаси, ўз обрўси, мавқейи, ички маданияти, юксак зиёлилик мақомини наинки сақлаб қолди, балки шу фазилатлари билан бугун қўшиқчиликда кўпларга намуна бўлмоқда.
Фаррух Зокировга қараган инсон вақт, макон деган тушунчалар гўё тўхтаб қолгандек туюлади. Устоз санъаткорнинг давлатимиз раҳбари томонидан шарафланиши халқимизнинг, миллионлаб мухлисларнинг кўнглидаги гап бўлди. Бу наинки ўзбек миллий санъати ривожига улкан ҳисса қўшган Зокировлар сулоласи, балки бутун қўшиқсевар халқимиз учун ҳаяжонли воқеликларга айланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва фармони билан ўзининг ноёб истеъдоди, самарали ижодий фаолияти билан замонавий ўзбек қўшиқчилик санъатини ривожлантириш, миллий эстрада ижрочилигини янги босқичга олиб чиқишдаги беқиёс ҳиссаси, маданиятимиз шуҳратини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этиш, бой маънавий меросимизни асраб-авайлаш борасидаги улкан хизматлари, шунингдек, «Ялла» ансамблига асос солиб, уни халқаро миқёсда тан олинган нуфузли ижодий жамоага айлантиргани, ёш иқтидор эгаларининг қобилиятларини рўёбга чиқаришдаги меҳнатлари учун Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, бутун умрини санъатга бахшида этиб келаётган, ўзбек миллий эстрадасини дунёга тараннум қилиб, юртимизнинг маданияти ва санъати нуфузини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшаётган, серқирра фаолияти халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб хизмат қилаётган устоз санъаткорнинг ижодини тарғиб этиш бўйича янги истиқболлар белгиланди.
Ҳа, буларнинг барчаси мамлакатимизда чин санъатни, фидойи устоз санъаткорларни қадрлаш, уларнинг ибрат мактабини оммалаштириш, тарғиб этиш, машаққатли меҳнатини эъзозлаш борасидаги эзгу ишларнинг ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири