Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти: Анқарада унутилмас тақдимот
Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 42-йиғилиши қарорига кўра “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинган. Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган ТУРКСОЙ бош қароргоҳида бу борадаги тадбирларнинг дастлабкиси –Андижон тақдимотига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
ТУРКСОЙ Бош котибияти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ТУРКСOЙ бoш кoтиби Султoн Раев, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров, Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёр Холмирзаев, шунингдек, давлат ва жамoат ташкилoтлари, парламент ва диплoматик кoрпус вакиллари қатнашди.

Маросим аввалида Андижонга бағишланган видеоролик намойиш қилинди. Унда вилоятнинг тарихий аҳамияти, миллий маданиятимиз ривожидаги ва туркий дунёдаги ўрни, сўнгги йилларда ҳудудда рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилинган. Жорий йилда Андижонда ташкил этилиши режалаштирилаётган тадбирлар ҳақидаги видеоролик ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” логотипининг тақдимоти ўтказилиб, расмий доира вакилларига сўз берилди.

ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев ўз сўзида қуйидагиларни билдирди:
“Бугун биз бу ерга шунчаки бир маросим муносабати билан эмас, балки гўзал ва бетакрор Андижон шаҳри “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинган 2026 йилда амалга оширадиган тадбирларимиз машъаласини биргаликда ёқиш учун тўпландик.
Шуни алоҳида эътироф этишни истардимки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида барча ҳудудлар жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Хусусан, Андижонда саноат, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги каби кўплаб соҳалар қаторида маданият ва санъат соҳасида ҳам улкан ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Андижон нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиё минтақасининг замонавий, йирик шаҳарларидан биридир. Бу заминдан кўплаб олимлар, машҳур шоир ва адиблар, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари етишиб чиққан. Шунинг учун ҳам шаҳарга “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” мақоми берилгани жуда тўғри қарор бўлди ва биз бундан беҳад мамнунмиз”.
Султон Раев ўз фикрини давом эттирар экан, 2026 йил давомида Андижон туркий дунёнинг “юраги уриб турадиган” жой бўлишига алоҳида урғу берди. Бу жараёнда ташкил этиладиган тадбирлар қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини ифода этиб, Анқарадаги тантанали маросимга келган ўзбекистонлик маданият ва санъат ходимларини, улар тимсолида Ўзбекистондаги барча соҳа ходимларини 15-апрел касб байрамлари билан самимий табриклади.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров Андижоннинг 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунё учун шараф ва қувонч манбаи эканини таъкидлаб, жорий йилда бўладиган тадбирларда барчани фаол иштирок этишга чорлади.

Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ўз чиқишида қуйидагиларни ифодалади:
“ТУРКСОЙ – минг йиллик тарихимизнинг беқиёс билим ва тажрибасини, ундан озиқланиб шаклланган, ривожланиб бойиган маданиятимизни асраб-авайлаш, дунёдаги нуфузини ошириш йўлида, мана, 33 йилдирки, саъй-ҳаракатларни давом эттириб келмоқда. “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” лойиҳасига ҳам айнан шу нуқтаи назардан қараш, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини шу тариқа англаш муҳимдир. Зеро, ушбу дастур 14 йилдан буён туркий оламнинг маданий меросини тарғиб қилиш, шаҳарлар ўртасидаги маданий ва бадиий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида изчиллик билан юритиб келинмоқда. Ташланган бу қадамлар орқали муштарак қадриятларимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада ортмоқда. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мазкур лойиҳа маданий дипломатия соҳасида ҳам стратегик аҳамиятга эга вазифани бажармоқда.
Остонадан бошланган ушбу силсила туркий дунёнинг 13 шаҳрида маданият кўприклари қурилишига, қадриятларимизнинг тарғиб этилиши ва англашилишига хизмат қилди. Эндиликда бу шарафли байроқ Андижонга топширилди.
Андижон – илм-фан, санъат ва давлатчилик анъаналари асрлар давомида шаклланган бетакрор диёрдир. Бу қадимий шаҳар буюк давлат арбоби ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган замин сифатида туркий дунё ва жаҳон тарихига ўз номини ўчмас излар билан муҳрлаган.
Бугунги кунда Андижонда олиб борилаётган эзгу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, тарихий мерос ва замонавий тараққиётнинг ўзаро уйғунлашаётганидан далолат беради. Бундай ёндашув туркий дунёнинг муштарак келажаги йўлида ҳам муҳим истиқболларни тақдим этади.
2026 йилда Андижонда ўтказиладиган барча тадбирлар хайрли бўлишини, ўз олдига қўйган олижаноб мақсадларига хизмат қилишини тилайман. Туркий дунёнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлсин!”.

Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёр Холмирзаев қадимий цивилизациялар маскани бўлган Андижоннинг шундай шарафли номга эга бўлганидан барча андижонликлар ғурур туйишини, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Андижон ҳам жадал ривожланиб бораётганини қайд этиб, “Маданият пойтахти” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар орқали вилоятнинг, бутун Ўзбекистоннинг анъана ва қадриятларини дунё миқёсида кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшишларини билдирди.
Нутқлардан сўнг расмий доира вакиллари ўртасида эсдалик совғалари алмашилди. Ўзбекистон делегацияси миллий урф-одатимизга кўра нуфузли иштирокчиларга чопон ва дўппи кийдириб, лутф кўрсатди.
Расмий қисмдан сўнгр барча меҳмонлар ТУРКСОЙ Бош котибияти биносида ташкил этилган Андижоннинг бой маданий қиёфасини акс эттирувчи амалий санъат ва фотосуратлар кўргазмаси билан танишдилар. Кўргазмага қўйилган Андижонга хос каштачилик, мисгарлик, пичоқсозлик маҳсулотлари, сопол буюмлар ва суратлар барчада катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир ТУРКСОЙ Бош котибияти олд ҳовлисида Андижондан келган санъаткорлар томонидан тақдим этилган концерт дастурига уланиб кетди. Ўзбекона қўшиқлар, куй ва рақслар иштирокчиларга ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этди.
Халқимизга хос анъанага кўра тадбир сўнггида барча иштирокчиларга андижонлик ошпазлар томонидан тайёрланган палов тортиқ қилинди.
Қисқасини айтганда, ТУРКСОЙ Бош котибиятида Андижонга бағишлаб ташкил этилган тадбир барчада унутилмас таассурот қолдирди. Жараёнларни Туркиянинг ўндан ортиқ етакчи телеканаллари ва ахборот агентликлари кенг ёритди.