Янги ташкил этилаётган боғда стартап лойиҳалар офиси бўлади
Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев замонавий ахборот технологиялари ёрдамида янги муҳандислик дастурлари ва стартап лойиҳалар яратган, ишбилармон ёшлар билан учрашди.
Янгиликка интилувчан ва кашфиётчи ўқувчи, талабалар, IT технологиялар бўйича ёш мутахассислар, тадбиркор йигит-қизлар соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий хизматларни осонроқ олишга қаратилган лойиҳа, сувдан самарали фойдаланиш учун “ақлли ирригация”, туризмни ривожлантириш ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилувчи эко-минора, сунъий интеллект ёрдамида миллий контентлар яратишга доир дастур ва яна ўндан ортиқ стартаплари ҳақида вилоят ҳокимига маълумот берди. Мақсад шунчаки лойиҳа кўрсатиш эмас, балки уларнинг вилоят ва мамлакат учун фойдали эканини ёшлар аниқ ҳисоб-китоб, амалий натижалар билан ифодалашга ҳаракат қилди.

Вилоят раҳбари ҳар бир лойиҳа ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиб, уларни амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди, бу борада тадбиркорлар билан бирга ишлаш таклиф қилинди.

– Бирор янгилик қилиш, янги лойиҳа ўйлаб топишнинг ўзи бўлмайди – деди вилоят ҳокими А.Бобоев. – Шундай лойиҳа ёки дастур яратилгандан кейин эса бунинг афзаллигини исботлаб бериш ва амалга ошириш ундан ҳам мураккаб бўлиши мумкин. Биз бу борада сизга ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга доим тайёрмиз. Самарқанд шаҳридаги собиқ ҳарбий госпитал ўрнида янги истироҳат боғи ташкил этяпмиз. Ушбу ҳудуддаги мавжуд бинолардан биридан стартап лойиҳалар офиси сифатида фойдаланишни режалаштириб турибмиз. Яқин орада бу боғни фойдаланишга топширганимиздан кейин сиз каби юзлаб ёшлар ушбу марказга бориб, лойиҳаларингизни янада бойитиш, амалга ошириш имкониятига эга бўласиз.


Учрашув давомида ёшлар томонидан тақдим этилган IT ишланмалар ва таълим ташаббуслари вилоят етакчиси ва бошқа раҳбарларда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, хизматларни рақамлаштириш ва онлайн таълимни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири