Хитой тажрибаси глобал озиқ-овқат хавфсизлигига қандай ҳисса қўшмоқда?
Халқаро ҳамкорлик
Бугунги кунда глобал озиқ-овқат хавфсизлиги инсоният олдидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Минтақавий можаролар, экстремал иқлим шароити, сув ресурслари тақчиллиги ва савдо тўсиқлари жаҳон миқёсида озиқ-овқат таъминотига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 673 миллионга яқин инсон очликдан азият чекмоқда, 2,3 миллиард аҳоли озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келган, 2,6 миллиард киши эса соғлом овқатланиш имкониятига эга эмас.
Шундай мураккаб шароитда айрим давлатларнинг қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш борасидаги тажрибаси халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Хитойнинг қишлоқ тараққиёти, қашшоқликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ютуқлари халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.
2025 йилда ФАО ташкил этилганининг 80 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан ФАО Бош директори ёрдамчиси ва ташкилот Инвестиция маркази директори Муҳаммад Манссури Хитойнинг Цзянси провинцияси қишлоқларига ташриф буюриб, қишлоқ тараққиёти тажрибаси билан танишди.

Мутахассис таъкидлашича, ФАО фаолиятининг стратегик устунлари “яхшироқ ишлаб чиқариш, яхшироқ озиқланиш, яхшироқ атроф-муҳит ва яхшироқ ҳаёт – ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилларига асосланади. Унинг фикрича, Хитой қишлоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан шу йўналишларга тўлиқ мос келади.
– Цзянси провинциясида қишлоқ ҳудудларини трансформация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бизда катта таассурот қолдирди. Бу ерда анъана ва инновация ўзаро уйғунлашган. Ҳар бир анъана бир вақтлар инновация бўлгани каби, бугунги янгиликлар ҳам келажакда анъанага айланади, – деди Муҳаммад Манссури.
Унинг қайд этишича, Хитой тажрибасининг муҳим жиҳатларидан бири давлат ва маҳаллий бошқарув органларининг фаол иштирокидир. Давлат нафақат инфратузилма ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватламоқда, балки ривожланиш натижалари фермерлар ва кооперативларга етиб боришини таъминламоқда.
Мутахассис иккинчи муҳим омил сифатида қишлоқ аҳолисининг тадбиркорлик фаоллигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги иш ўринлари яратаётган кўплаб муваффақиятли тадбиркорлар айнан қишлоқ жойларидан етишиб чиққан.
– Хитой тажрибасининг аҳамияти уни тайёр модел сифатида кўчиришда эмас, балки муваффақият омилларини самарали уйғунлаштира олганидадир. Бозорга чиқиш, технология, рақамлаштириш, инфратузилма, инсон капитали ва адолатли бошқарув каби омиллар миллий шароитдан келиб чиқиб интеграция қилинган, – деди ФАО вакили.
Муҳаммад Манссури инсон капиталига сармоя киритиш қишлоқ тараққиётининг асосий шарти эканини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, таълим, касб-ҳунар кўникмалари, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари қишлоқ аҳолиси самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бугун Хитойда фермерлар ва кооперативлар электрон тижорат, онлайн трансляциялар ва рақамли платформалар орқали маҳсулот сотиш тизимини йўлга қўймоқда. Бу эса нафақат даромадларни кўпайтириш, балки маҳсулотларни бозорга тез ва самарали етказиш имконини ҳам бермоқда.
Мутахассислар фикрича, Хитойнинг қашшоқликка қарши курашдаги ютуқлари алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакат 2020 йилда мутлақ қашшоқликни бартараф этганини эълон қилди. Бу эса БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган 2030 йиллик муддатдан анча олдин амалга оширилди.
Шунингдек, мамлакатда дон, гўшт, тухум, сут маҳсулотлари, мева-сабзавот ва сув биоресурслари ишлаб чиқариш ҳажми изчил ошиб бормоқда. Бу натижалар ички бозор барқарорлигини таъминлаш билан бирга, Хитойга халқаро миқёсда ҳам ўз тажрибасини улашиш имконини бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугун Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда соҳада рақамли технологиялар, сув тежовчи тизимлар, агрокластерлар ва фермерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги амалий ҳамкорлик ҳам тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, агротехнологиялар, уруғчилик, агрологистика ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида қўшма лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш барча давлатларнинг умумий вазифаси ҳисобланади. Шу маънода, Хитойнинг қишлоқ тараққиёти ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тажрибаси нафақат миллий ривожланиш модели, балки халқаро ҳамкорлик учун ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга.
Нилуфар Бозорова, ЎзА