Тошкентнинг асосий кучи – унинг аҳолисида
Тошкент шаҳри кун сайин чирой очиб бормоқда. Бугунги ўзгаришлар нафақат кундалик ҳаётимизда, балки халқаро тадқиқотларда ҳам тобора сезилмоқда. Ўзбекистон пойтахти бир неча йўналишлар бўйича жаҳон рейтингларида юқори поғоналарни эгалламоқда. Бу рейтинглардаги ҳар бир рақам ортида шунчаки бино ва иншоотлар, йўллар ёки иқтисодий кўрсаткичлар эмас, айнан пойтахт аҳолиси ва уларнинг меҳнати мужассам.
Global Cities Index 2026 рейтингида Тошкент 128 поғона юқорилаб, дунёнинг минглаб энг йирик шаҳарлари орасида 343-ўринни эгаллади. Айниқса иқтисодий йўналиш бўйича эришилган натижа алоҳида аҳамиятга эга: пойтахтимиз бир йилда 558-ўриндан 188-ўринга кўтарилди. Бу шаҳримиз муҳити тез ўзгараётгани ва Тошкентнинг глобал жараёнларга фаол кириб бораётганидан далолатдир.
Бироқ, пойтахт келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган бошқа кўрсаткич бор. Бу – инсон капитали. Айнан шу йўналишда салмоқли натижаларга эришилди: пойтахтимиз 2026 йилда инсон капитали бўйича дунёда 108-ўринга кўтарилди. Таққос учун: 2024 йилда Тошкент шаҳри 136-ўринда, 2025 йилда эса 123-ўринда эди. Шу тариқа, пойтахтимиз мазкур рейтингда уч йил мобайнида аҳоли билими, кўникмалари ва касбий салоҳиятини намоён этадиган йўналиш бўйича ўз мавқеини мунтазам ошириб бормоқда.
Пойтахтимиз ривожланиши бу ерда барпо этилаётган иншоотлар ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билангина эмас, аҳоли учун яратилаётган имкониятлар кўлами билан белгиланмоқда. Зеро, замонавий шаҳар истеъдодларни жалб қила олиши, уларни ривожлантириши ва сақлаб қолиши, таълим, касбий ўсиш ва тадбиркорлик учун зарур шароитлар яратиб, янги ғояларни амалга ошира олиши билангина рақобатбардош бўла олади.
2025 йилда ўтказилган ва шу йилнинг 21 май куни эълон қилинган Boston Consulting Group компаниясининг “Built to Change: How Cities Compete for the Future” номли халқаро тадқиқоти ҳам ушбу ўсиш суръатини тасдиқлайди. Унга кўра, Тошкент шаҳри ўзгаришлар жадаллиги бўйича Шэньчжэнь ва Ар-Риёд шаҳарларини ортда қолдирган ҳолда, дунёнинг 80 та шаҳри орасида учинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, пойтахтимиз иқтисодий фаолликнинг ўсиш суръати бўйича биринчи ўринни эгаллади.
Эътиборли жиҳати шундаки, BCG халқаро тадқиқотида шунчаки шаҳарларнинг жорий ҳолати баҳолангани йўқ. Тадқиқотда шаҳарларнинг қанчалик тез ривожланиши, янги шароитларга мослашиши ва аҳолиси учун шаҳар муҳитини яхшилай олиши каби мезонларни ўрганилган. 200 дан ортиқ кўрсаткичлар таҳлил қилиниб, дунё бўйича 24 минг нафардан ортиқ шаҳар аҳолисининг фикри ҳисобга олинган.
Албатта, бу улкан рақамлар ортида муайян инсонлар туради: ҳар куни болаларга таълим бераётган ўқитувчи, беморлар саломатлиги учун масъул шифокор, янги ечимлар устида ишлаётган муҳандис, янги иш ўринларини яратаётган тадбиркор, касбий йўлини энди бошлаётган талаба ва шаҳар хизматлари узлуксиз ишлашини таъминлаётган мутахассис каби миллионлаб пойтахтликлар Тошкент тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Шу сабабли инсон капитали – халқаро рейтингдаги мавҳум тоифа эмас, балки шаҳарнинг ўз аҳолисига билим, имконият ва иқтидорларини рўёбга чиқариш учун кенг майдон яратиб бера олиш қобилиятидир. Имкониятлар кўпайган сари, шаҳар ҳам мустаҳкамланиб бораверади.
Халқаро таҳлилчилар Тошкент шаҳрини ривожланиши алоҳида кузатилаётган шаҳарлар (Cities to Watch) қаторига киритгани эътиборга лойиқ. Бу пойтахтимиз учун халқаро эътироф бўлибгина қолмай, мегаполис ўзгаришида ҳар куни иштирок этаётган инсонлар меҳнатининг маҳсулидир.
Шу билан бирга, рейтингдаги юқори ўриннинг ўзи якуний мақсад бўла олмайди. Ҳар қандай кўрсаткичнинг қадри кундалик ҳаётдаги аниқ ўзгаришлар билан тасдиқланганда намоён бўлади. Инсонлар учун шаҳар ривожини нафақат халқаро рейтингларда кўриш, балки амалга оширилаётган ўзгаришларни йўлда, ишда, уйида, маҳаллада, мактабда, шифохонада ёки жамоат транспортида ҳис этиш муҳимдир.
Шунингдек, олдинда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам кам эмас: шаҳар муҳитини ва экологик вазиятни янада яхшилаш, туманларни мутаносиб ривожлантириш, ҳар бир фуқаро учун қулай шароитлар яратиш шулар жумласидандир. Иқтисодий ўсиш янги имкониятлар яратишда давом эттирилиши керак – бу таълим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, касбий ўсиш ва ўз оиласи келажагини барпо этиш имкониятларидир.
Ана шунда азим Тошкентимизнинг ютуқлари асосий кўрсаткичи дунё рейтингларидаги ўрни билангина эмас, балки инсонларда – уларнинг билими, ташаббуси, келажакка бўлган ишончи ва ўз ҳаётини ушбу шаҳар билан боғлаш истагида ўз аксини топади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА