«Дўстлик» канали бетонлаштирилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сирдарё вилоятида аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, шаҳар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳалар доирасида «Дўстлик» магистраль каналининг Гулистон шаҳри ҳудудидан ўтган 3,4 километр қисми бетонланмоқда.
«Дўстлик» канали шаҳар ҳудудидан ўтиши билан бирга, йиллар давомида сувнинг ерга сизиши билан боғлиқ айрим муаммоларни ҳам келтириб чиқарган. Жумладан, канал ўзанидан сизиб чиққан сув натижасида сизот сувлари сатҳининг кўтарилиши, айрим ҳудудларда ботқоқланиш жараёнлари юзага келиши ва ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашиши кузатилган.
[gallery-31568]
Мазкур лойиҳа ана шу муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Каналнинг 3,4 километр қисми бетонланиши натижасида сувнинг ерга сизиб кетиши камаяди ва канал бўйлаб сув оқими яхшиланади. Бу Гулистон шаҳри ҳудудида сизот сувлари сатҳини пасайтириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ботқоқланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилади. Хусусан, 290 минг куб метр тупроқ қазиш, 140 минг куб метр тош териш, 480 минг квадрат метр геомембрана ётқизиш, 622 тонна арматура ўрнатиш ҳамда 22,2 минг куб метр бетон қуйиш режалаштирилган.
Шунингдек, канал атрофини ободонлаштириш ишлари ҳам кўзда тутилган. Каналнинг қуйи қисмида узунлиги 5,62 километр бўлган асфальт-бетон қоплама ётқизилади, 1,02 километрлик пиёдалар йўлаги барпо этилади. Ҳудудга ҳимоя панжаралари ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади.
Айни пайтда объектда 400 нафар ишчи-мутахассис ва 50 та махсус техника ишламоқда.
«Дўстлик» каналида амалга оширилаётган ишлар сув ресурсларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, Гулистон шаҳри ҳудудини ободонлаштириш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишга ҳам хизмат қилади.
Лойиҳани йил якунига қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Ишлар якунига етгач, канал бўйи обод ва замонавий ҳудудга айланиши кўзда тутилган.
Умид ОБИДЖОНОВ(сурат),ЎзА