Муборакда замонавий ичимлик суви иншооти фойдаланишга топширилди
Муборак тумани маркази аҳолисини сифатли ва барқарор ичимлик суви билан таъминлаш борасида муҳим қадам ташланди. Туманда замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган марказий сув иншооти фойдаланишга топширилди. Объектнинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими, “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ масъуллари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мазкур иншоотни модернизация қилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги 427-сонли қарори асосида амалга оширилган йирик лойиҳа доирасида бажарилди. Муборак тумани марказий сув иншоотининг реконструкцияси учун 2,657 миллион АҚШ доллари йўналтирилди.
Қурилиш ва реконструкция ишлари натижасида объектда ҳар бири минг куб метр сиғимга эга бўлган 3 та резервуар тўлиқ реконструкция қилинди. Насос станцияси таъмирланиб, замонавий энергия тежамкор насослар ўрнатилди. Хусусан, қуввати 132 киловатт бўлган насослар сув таъминоти жараёнининг самарадорлигини ошириш имконини бермоқда.
Шунингдек, объект ҳудудида хлорлаш ва маъмурий бинолар барпо этилди, кириш қисми қурилди, иншоот ҳудуди тўлиқ девор билан ўралди. Сув таъминоти жараёнларини замонавий бошқариш мақсадида автоматлаштирилган SCADA тизими ҳам жорий этилди. Бу сув оқими ва иншоотлар фаолиятини масофадан туриб назорат қилиш, носозликларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш имконини беради.
[gallery-31565]
Янгиланган иншоотнинг яна бир муҳим жиҳати унинг қуввати. Эндиликда Муборак тумани маркази аҳолисига суткасига 11 минг 300 куб метргача ичимлик суви етказиб бериш имконияти яратилди.
Бу эса аввал аҳолига суткасига бир неча соат давомида етказиб берилган ичимлик суви таъминотини барқарорлаштириб, уни 24 соатлик режимга ўтказиш учун муҳим замин яратади. Тизимнинг модернизация қилиниши билан абонентлар сонини ҳам қарийб икки бараварга ошириб, 12 мингдан ортиқ хонадонни қамраб олиш имконияти пайдо бўлади.
Тадбир давомида соҳа масъуллари янги иншоотнинг имкониятлари, сув сақлаш қувватининг оширилиши ва автоматлаштирилган бошқарув тизимининг афзалликлари ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, бу ерда амалга оширилган ишлар нафақат янги ускуналар ўрнатиш, балки Муборак туманида ичимлик суви таъминоти тизимини тубдан янгилашга қаратилган.
Муборакда фойдаланишга топширилган ушбу иншоот аҳоли учун оддий инфратузилма объекти эмас, балки кундалик ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган муҳим тизимдир. Сув таъминотининг барқарорлиги хонадонлардаги турмуш шароитидан тортиб, санитария ва жамоат саломатлигигача бўлган кўплаб йўналишларга дахлдор. Шу маънода, янги иншоотнинг ишга туширилиши Муборак тумани маркази аҳолиси учун янада қулай ва барқарор турмуш шароитини таъминлаш йўлидаги амалий натижалардан биридир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари