Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Юқори Чирчиқ тумани тиббиёт муассасасида илк маротаба ортиқча вазн ва семизликни жарроҳлик йўли билан даволашга қаратилган мураккаб операция муваффақиятли амалга оширилди. 1983 йилда туғилган бемор шифохонага “Семизлик II даража” ташхиси билан мурожаат қилди. Шунингдек, унда метаболик синдром, алкоголга боғлиқ бўлмаган жигарни ёғ босиши ҳамда дислипидемия каби асоратлар аниқланган.
Бемор барча зарур текширувлардан ўтказилгандан сўнг, лапароскопик усулда ошқозоннинг слив-резекцияси ва қорин бўшлиғини дренажлаш операцияси бажарилди. Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли бўлиб, амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилган. Икки ҳафта ичида бемор 11 килограмм вазн йўқотди. Шу билан бирга, артериал қон босими барқарорлашган.

***
Оҳангарон туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополиция ходимлари ҳамда туман ИИБ ходимлари ҳамкорлигида рейд тадбири ўтказилди.

Ходимлар “Кўксарой” МФЙ ҳудудида Сибир тоғ эчкисининг тана қисмлари сотилаётганини аниқлади. Ўрганиш давомида мазкур тоғ эчкиси фуқаро У.М. томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда отиб ўлдирилгани маълум бўлди. Натижада “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ва “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик оқибатида ҳайвонот дунёсига 6 миллион 180 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳозирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш мақсадида ҳужжатлар суд органларига юбориш учун тайёрланмоқда.
***
Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан Нурафшон шаҳридаги қурилиш объектларида навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Мониторинглар давомида тегишли лойиҳа ва рухсат берувчи ҳужжатларсиз қурилиш ишлари олиб борилаётган объектлар аниқланди.

Бу ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди. Шунингдек, объект эгаларига қурилиш ишларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, тегишли ҳужжатларни олмасдан туриб қурилиш-монтаж ишларини амалга оширмаслик юзасидан тушунтиришлар берилди. Жойларда ноқонуний ва ҳужжатларсиз қурилишларнинг олдини олиш, қурилиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.