Ёшлар билан ишлашда инновацион ёндашувлар
Бугун юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу ва интилишларини, ғояларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада ҳар бир ташкилот ва идора, фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ёшлар сиёсати доирасида ўзларининг вазифаларини белгилаб олган ва муайян ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Экологик партияси тизимида ёшларни қўллаш баробарида уларнинг экологик масалаларга дахлдорлигини ошириш, бу йўналишдаги инновацион ғояларини юзага чиқариш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Нилуфар Маткаримова қуйидагиларни гапириб берди:
— Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасида мутлақо янги тизим яратилди. Ёшларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлаш, сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кенг имкониятлар очилди. Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Ёшлар куни» этиб белгиланиб, вазирлик ва идоралар ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга амалий ечим топишга сафарбар этилди.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ёш тадбиркорлар сони беш баробар кўпайиб, 287 минг нафардан ошди. Хорижий тилларни интенсив ўрганаётган йигит-қизлар сони 3,5 миллион нафарга етди. Иқтидорли ўқувчи ва талабалар нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 434 та, ёш спортчилар эса халқаро мусобақаларда 2 минг 245 та медални қўлга киритди.

Сўнгги тўққиз йилда маҳаллий стартап экотизимининг 15 баробар ўсиб, унинг қиймати 4 миллиард доллардан ошгани, 1 минг 200 дан зиёд истиқболли стартап лойиҳаси пайдо бўлгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва ёшларнинг интеллектуал салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат беради.
Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярмини ташкил этадиган ёшлар нафақат мамлакатимизнинг бугунги таянчи, балки унинг келажагини белгилаб берувчи асосий кучга айланмоқда. Шу боис, ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан янгилаш, уларни замонавий билим, кўникма ва тафаккур билан қуроллантириш, энг муҳими, уларнинг ижодкорлик салоҳиятини яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва инновацион илм-фан соҳаларига йўналтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Президентимизнинг 2026 йил 20 апрелдаги фармони билан тасдиқланган «Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030» стратегияси ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Стратегияда ёшларни инновацион тадбиркорлик, илмий-тадқиқот фаолияти ва яшил технологияларга кенг жалб этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Экологик партиясига аъзо ёшлар сони қарийб 290 минг нафарга етмоқда. Уларни «Ёш экологлар» қаноти атрофида бирлаштириш, лойиҳавий ва эковолонтёрлик фаолиятига жалб этиш, экологик муаммолар ечимига қаратилган илмий ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ёшларнинг экологик онги ҳамда инновацион тафаккурини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли кафолатларидан биридир.
Сўнгги йилларда ёшларни инновацион фаолиятга жалб этиш борасида ҳам кўлами, ҳам сифати жиҳатидан янги босқичга ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралда қабул қилинган «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, илмий ва конструкторлик ғоялари билан шуғулланувчи ёшларга кенг шароит яратиш, уларни нафақат олий таълим муассасаларида, балки умумий ўрта таълим босқичидан бошлаб қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилди. Амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз стартап экотизими сўнгги тўққиз йилда 15 баробар ўсиб, 4 миллиард доллардан ошди. Венчур жамғармалари сони 23 тага, уларнинг умумий капитали эса 200 миллион долларга етди. 1 минг 200 дан ортиқ истиқболли стартап лойиҳаси яратилиб, соҳада 3 мингдан зиёд ёш муносиб даромад топмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси ёшлар билан ишлашда инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш, партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга оширишда ёшлар фаоллигини янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар доирасида жорий йилнинг 8-9 июль кунлари «ECO YOUTH SUMMIT» халқаро ёшлар экологик саммити ўтказилди.

Саммитдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, уларнинг волонтёрлик ва инновацион тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, хорижий давлатлар ёшлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, «Тенгдош — тенгдошга» тамойили асосида ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш майдонини яратишдан иборат бўлди.
Саммит давомида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга самарали етказилди. Ёшларнинг экологик масалалар бўйича билим, кўникма ва малакаларини ошириш, уларни ижтимоий фаоллик ва волонтёрлик ҳаракатларига жалб этиш, истиқболли экологик стартап лойиҳаларини намоён қилиш ва қўллаб-қувватлаш, халқаро тажриба алмашинуви учун платформа яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки кунлик дастур давомида иштирокчиларнинг экологик билимлари ва амалий кўникмалари мустаҳкамланди. Мамлакатимизда ва хорижда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, яшил технологиялар ҳамда илғор халқаро тажрибалар чуқур ўрганилди.
Тадбир доирасида ижтимоий соҳа вакиллари, ёш олимлар, экологлар, стартапчилар ва фаол волонтёрлар ўртасида янги ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу эса келгусида қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратди.

Бу каби лойиҳалар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидорли ёшларнинг илмий-тадқиқот ғоялари ва ташаббуслари билан танишиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун кенг имконият яратади.
Келгусида партия ғоялари асосида ёшлар орасида экологик ва инновацион ташаббусларни аниқлаш, уларни давлат дастурларидаги грант, субсидия ва акселерация механизмлари билан боғлаш, ёш экологик фаоллар, олимлар ва стартапчилар ўртасида доимий тажриба алмашиш майдончаларини ташкил этиш устувор йўналишларимиздан бири бўлиб қолади.
Шу билан бирга, ёшларнинг экологик стартапларини молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш, ҳудудларда ёшлар экоинновация марказлари ва бизнес-инкубаторларини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, яшил келажакни барпо этишда ёшларнинг ташаббуси, билими, интеллектуал салоҳияти ва фуқаролик масъулияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ёшларнинг инновацион ва экологик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш эса мамлакатнинг барқарор тараққиёти, экологик хавфсизлиги ва муносиб келажагини таъминлашга қаратилган стратегик вазифадир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА