Қораўзакда интенсив боғдорчилик ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида боғдорчилик соҳасини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, экспортбоп мева етиштириш ва қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шундай хўжаликлардан бири — «Айтбой ери» масъулияти чекланган жамиятида 2023–2024 йилларда 7 гектар майдонга инвитро усулида етиштирилган 4 минг 600 туп «Санта Мария» навли интенсив нок кўчатлари 4х4 ва 4,5х2,5 схемалари асосида экилган.
Бугунги кунда боғдаги кўчатлар яхши ривожланиб, ҳосил бериш босқичига кирган. Етиштирилаётган маҳсулот ички бозорга етказиб берилмоқда. Ер майдонидан унумли фойдаланиш мақсадида боғ қатор ораларида помидор ва бошқа сабзавот экинлари ҳам парваришланмоқда.
[gallery-30509]
Хўжалик мутахассисларининг таъкидлашича, «Санта Мария» нави маҳаллий иқлим шароитига яхши мослашиши, юқори ҳосилдорлиги ҳамда экспорт талабларига жавоб берадиган сифати билан ажралиб туради.
Айни пайтда боғда барча агротехник тадбирлар белгиланган талаблар асосида амалга оширилмоқда. Келгусида етиштирилаётган маҳсулот экспорт географиясини кенгайтириш, маҳаллий мевачилик маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА