«Салар» тозалаш иншоотидаги нохуш ҳид бартараф этилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Салар» тозалаш иншоотлари атрофидаги нохуш ҳидни бартараф этиш мақсадида 9,5 миллиард сўмлик фильтрлаш тизими ўрнатилганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, оқова сув ҳавзалари герметик ёпилиб, ҳавони тозалаш ускуналари 15 кундан бери муваффақиятли ишламоқда. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» бош технологи Дўнонбой Казибековнинг таъкидлашича, Сергели, Янгиҳаёт, Миробод ва Яшнобод туманларидан оқова сувлар қабул қилувчи ушбу иншоотга Россиядан келтирилган уч босқичли фильтрлаш тизими ўрнатилган.
Ҳаво вентиляторлар орқали тортиб олиниб, 11,5 тонна каталитик сорбентдан ўтказилади. Ультрабинафша нурланиш ёрдамида ҳаво озонлаштирилади ва оксидланади. Якуний босқичда ҳаво 2,5 тонна фаоллаштирилган кўмир орқали тозаланади.
Натижада чиқувчи ҳаводаги водород сульфид ва аммиак концентрацияси ноль даражага туширилган.
Маълумот учун айтиш жоиз, Президентимиз аввалроқ Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги нохуш ҳид муаммосини 1 сентябрга қадар бартараф этиш бўйича топшириқ берган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида суткасига 1 миллион куб метр оқова сувни қайта ишлаш қувватига эга янги тозалаш иншоотини қуриш бўйича хорижий консорциум билан йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА