Жавлон Ваҳобов: "Тинчлик сиёсий ирода ва дипломатик мулоқотни талаб қилади"
Хабар берилганидек, Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ II нинг “Сўнгги энг яхши имкониятимиз: таҳлика даврида тинчликка интилиш” номли китоби ўзбек тилида нашр этилиши муносабати билан Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда китобда илгари сурилган ғоялар, Яқин Шарқдаги вазият, минтақавий хавфсизлик ҳамда Ўзбекистон – Иордания ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди. Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов Подшоҳ Абдуллоҳ II нинг тинчлик, дипломатия ва минтақавий ҳамкорликка оид қарашлари юзасидан ўз фикрларини билдирди.
– Яқин Шарқдаги вазият, минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар Подшоҳ Абдуллоҳ II нинг китобида кўтарилган масалаларга янада долзарблик бағишлайди, – деди Ж.Ваҳобов. – Асарда тинчликка эришиш, можароларни ҳал этиш ва давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги қарашлар баён этилган.
Қайд этилишича, китобнинг “Our Last Best Chance” – “Сўнгги энг яхши имкониятимиз” деб номланиши ҳам минтақа келажаги учун юксак масъулиятни англатади. Муаллиф тинчликка эришишда ўз вақтида қабул қилинган сиёсий қарорлар, изчил дипломатия ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш муҳимлигини таъкидлайди. Бу, айниқса, бугунги мураккаб шароитда минтақада барқарорликни таъминлаш йўлларини излашда алоҳида аҳамиятга эга.

– Асарда Фаластин – Исроил можаросига алоҳида эътибор қаратилган. Подшоҳнинг бу масаладаги ёндашуви ва Ўзбекистон позицияси ўртасида қандай муштараклик бор?
– Фаластин масаласи китобнинг асосий мавзуларидан бири ҳисобланади. Подшоҳ Абдуллоҳ II бу можарони ҳал этиш учун Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини тан олиш, Исроил хавфсизлигини таъминлаш ва томонларни муросага тайёр бўлишга чақириш зарурлигини таъкидлайди.
Фикримча, бу ерда энг муҳим жиҳат – икки давлат тамойилига асосланган ечимдир. Яъни, Исроил ва мустақил Фаластин давлати тинчлик ва хавфсизликда ёнма-ён яшаши керак. Ўзбекистон ҳам Фаластин масаласини БМТ резолюциялари ва халқаро миқёсда тан олинган икки давлат тамойили асосида адолатли ҳал этишни қўллаб-қувватлайди.
– Иордания мураккаб геосиёсий муҳитда жойлашган. Мамлакатнинг ташқи сиёсат ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги тажрибасидан қандай хулосалар чиқариш мумкин?
– Иордания кўп йиллардан буён минтақавий инқирозлар оқибатлари билан яшаб келмоқда. Подшоҳ Абдуллоҳ II бу ҳолатни “мураккаб қўшнилар орасида яшаш” деган қисқа ибора билан ифодалайди. Бу сўзлар ортида Яқин Шарқдаги геосиёсий воқелик ва бир давлат хавфсизлиги атрофидаги жараёнлар билан узвий боғлиқ эканини англаш ётади.
Иордания ташқи сиёсатида принципларга содиқлик ва прагматизм уйғунлашган. Мамлакат халқаро ва минтақавий шериклар билан конструктив муносабатларни сақлаш, мулоқот каналларини очиқ қолдириш, келишмовчиликлар ҳамкорлик имкониятларини чеклаб қўймаслигига интилади. Бундай ёндашув мураккаб минтақавий вазиятда кескинлашувнинг олдини олиш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
– Иорданиянинг “Ақаба жараёни” ташаббуси Марказий Осиё билан ҳамкорликда қандай ўрин тутади?
– Подшоҳ Абдуллоҳ II томонидан 2015 йилда бошланган “Ақаба жараёни” терроризм ва экстремизмга қарши халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. 2026 йил 6 ноябрь куни Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мазкур жараён доирасида учрашуви бўлиб ўтгани Иордания ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, Ўзбекистон – Иордания муносабатларида хавфсизлик йўналишининг ривожланиши учун муҳим босқич бўлди.
Мазкур ташаббуслар хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва минтақавий таҳдидларга қарши ҳамкорликда ҳаракат қилиш имконини беради.
– Марказий Осиё давлатлари, Иордания ва Форс кўрфази мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг қандай истиқболлари бор?
– Марказий Осиё бугун ўзаро ҳурмат, келишув, манфаатларни ҳисобга олиш ва амалий ташаббусларга асосланган ҳамкорлик моделини шакллантирмоқда. Бу ёндашув минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, бошқа ҳудудлар билан шерикликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
2023 йил июль ойида Жиддада Марказий Осиё ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши раҳбарларининг биринчи саммити ўтказилди. Ушбу учрашув минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва узоқ муддатли иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун сиёсий асос яратди.
Иордания ва бошқа минтақавий шерикларнинг салоҳиятидан фойдаланиш Марказий Осиёнинг Яқин Шарқ билан алоқаларини янада кенгайтириши, иқтисодий ҳамкорлик ва қўшма ташаббуслар учун янги имкониятлар очиши мумкин.
– Подшоҳ Абдуллоҳ II диний бағрикенглик, мўътадиллик ва экстремизмга қарши кураш масалаларини ҳам кўтаради. Бу йўналишда Иордания тажрибаси нимаси билан аҳамиятли?
– Иордания тажрибасининг муҳим жиҳати шундаки, экстремизмга қарши кураш фақат хавфсизлик чоралари билан чекланмайди. Бунда мўътадиллик ғояларини илгари суриш, динлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, маърифат ва жамиятда барқарор ижтимоий қадриятларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Подшоҳ Абдуллоҳ II нинг китобида ҳам бу масалалар муҳим ўрин тутади.
Бу борада Ўзбекистон ва Иордания ёндашувлари ўртасида муштарак жиҳатлар бор. Президент Шавкат Мирзиёев “Ақаба жараёни” доирасидаги учрашувда бугунги таҳдидларга қарши курашишда технологик ечимлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг ўзи етарли эмаслигини, таълим, маърифат ва инсон салоҳиятини ривожлантириш соҳаларида ҳам тизимли иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
Ойбек ПАРДАЕВ (Сурат),
ЎзА