Қурилишда давлат назорати — сифат ва хавфсизлик кафолати
Фарғона вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси томонидан бунёдкорлик ишларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, соҳада қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида инспекция назоратига 2 082 та қурилиш объекти бириктирилган. Мутахассислар томонидан ўтказилган мониторинглар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, қурилиш-монтаж ишларининг белгиланган меъёр ва талаблар асосида олиб борилишини таъминлаш юзасидан масъулларга 14,6 мингдан ортиқ ёзма кўрсатма берилди.
Шунингдек, соҳада йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар учун жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан 348 та ҳолат бўйича жами 16 миллиард 698 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди. Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тегишли мутасадди идораларга 441 та тақдимнома киритилди.
Давлат назоратининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида 44 нафар малакали инспектор бодикамера ҳамда махсус планшетлар билан таъминланди. Ушбу техник воситалар назорат тадбирларини холис ва ошкора ўтказиш, жараёнларни қайд этиш ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида расмийлаштириш имконини бермоқда.
Соҳада рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ҳужжатлар айланишини соддалаштириш ва ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 июндаги «Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида вилоятдаги 1 616 та қурилиш субъекти юритиши шарт бўлган ижро ҳужжатлари рақамлаштирилди.
Эндиликда мазкур ҳужжатларни қоғоз шаклида талаб қилиш тартиби бекор қилиниб, уларни юритиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу, ўз навбатида, қурилиш жараёнларида ортиқча қоғозбозликка барҳам бериш, ҳужжатлар билан ишлашни енгиллаштириш, вақтни тежаш ва назорат тизими самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
[gallery-32649]
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар қурилиш объектларида белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш, иш сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда соҳада масъулият ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА