Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги муваффақиятли якунланди
Қорақалпоғистон Республикасида “INFOLIB O‘ZBEKISTON–2026” XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги муваффақиятли якунланди.
Ҳафталикнинг сўнгги куни Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона маркази мутахассислари томонидан мактаб таълим муассасалари ахборот-кутубхона ходимлари учун махсус семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбир давомида ахборот-кутубхона муассасаларида кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш ва чиқариш, ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш тартиби, китобхонларга кўрсатилаётган хизматлар, ахборот-кутубхона ресурсларини каталоглаштириш бўйича иш жараёни, ҳужжатларга техник жиҳатдан ишлов ҳамда давлат стандартлари асосида библиографик тавсиф бериш каби асосий йўналишлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, маълумот-библиография хизматида асосий тушунчалар, давлат библиографияси, тавсия рўйхатлари, библиографик кўрсаткичларнинг турлари, шахс биобиблиографиясининг мақсади, библиографик қўлланмаларни тузиш тартиби, рақамлаштириш ишларининг бориши бўйича кенг маълумот берилди. Қизғин мулоқот руҳида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Элликқалъа туман ахборот-кутубхона марказида ўқувчи-ёшлар иштирокида “Ягона Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат каби эзгу қадриятларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, китобнинг инсон маънавиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ёшларни эзгу фазилатлар руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги муносабати билан Элликқалъа тумани Ахборот-кутубхона марказида Туман маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Китобхон адлия ходими” кўрик-танлови ташкил этилди.

Унда адлия тизимида фаолият юритаётган ходимлар ўз салоҳиятини намойиш этиб, китобхонлик борасидаги билимларини синовдан ўтказдилар.
Танловда биринчи ўринни туман Давлат хизматлари маркази етакчи мутахассиси Тоҳир Қличназаров, иккинчи ўринни ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Фазлиддин Жуманиёзов, учинчи ўринни Давлат хизматлари маркази раҳбари Низомжон Ходжиев эгаллади.
Тўрткўл туман Ахборот-кутубхона марказида ташкилотлар ва мактаб кутубхоначилари иштирокида “Учинчи ренессанс: кутубхона ва кутубхоначилар” мавзусида семинар ташкил қилинди.
Семинар давомида бугунги кун кутубхоначилари китобхонларга керакли адабиётларни тавсия этиш, ахборотни излаш ва ундан самарали фойдаланишга кўмаклашиш, китобхонликни тарғиб қилиш, турли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш орқали жамиятнинг интеллектуал ривожига ҳисса қўшишлари ҳамда замонавий кутубхоначи нафақат китоб берувчи, балки ахборот йўлбошчиси, маърифат тарғиботчиси ва ёшлар билан ишловчи фаол мутахассис эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Тошкент гуманитар фанлар университети Тўрткўл кампусида талаба-ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, бадиий адабиётга бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда мутолаа тарғиботини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввара Юсупованıнг янги китоблари тақдимоти ташкил этилди. Тадбирда адабиёт ва маънавият соҳасининг таниқли вакиллари, ижодкорлар ҳамда жамоат арбоблари иштирок этдилар.

Ҳафталик доирасида туман Ахборот-кутубхона маркази мутахассис ходимлари 22-сон умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида “Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим дўстлар” мавзусида адибнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган давра суҳбати ўтказдилар. Тадбир давомида Чўлпоннинг маърифатпарварлик ҳаракатига қўшган ҳиссаси, Ватан муҳаббати, халқ озодлиги, инсон қадри, маърифат ва миллий ғурур ғояларини ифода этувчи асарлари тўғрисида маълумот берилиб, ўқувчилар томонидан адиб қаламига мансуб шеърлардан парчалар тингланди.

— Жадидчилик-халқни илм-маърифатга, тараққиётга, эркин фикрлашга чорлаган муҳим тарихий ҳаракатдир. Жадид боболаримиз миллат келажагини таълимда,китобда, билим ва маърифатда кўрганлар,улар мактаблар очиб, газета-журналлар нашр этган, театр ва адабиёт орқали халқни билим олишга, ўз ҳақ-ҳуқуқини англашга чақирганлар, — дейди туман ахборот кутубхона маркази мутахассиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Онажоним шеърият” тўгараги раҳбари Мунаввара Юсупова.
Ҳафталик давомида барча ахборот-кутубхона марказларида “Очиқ эшиклар куни”, экскурсиялар, китоб кўргазмалари, янги китоблар тақдимотлари, ахборот-кутубхона фаолияти бўйича семинарлар, маҳорат дарслари ва ўқув машғулотлари ўтказилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири