“Navoiyuran”да матбуот анжумани ўтказилди
“ Navoiyuran ” давлат корхонасида коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс тизимини такомиллаштириш, геология-қидирув, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар мурожаати билан ишлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир давомида мазкур йўналишлардаги асосий вазифалар, амалга оширилган ишлар ва амалий натижалар ҳақида масъул раҳбарлар томонидан батафсил маълумот берилди.
Хусусан, Комплаенс хизмати бошлиғи Алишер Мустафоев жамоада коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва фаолиятда шаффофликни таъминлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Жорий йил фаолиятнинг 240 функцияси коррупциявий хавф нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. 790 эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви декларацияси кўриб чиқилган.
Геология ва қидирув бўйича директор Шерали Жўраев тегишли фаолият йўналишлари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим этди.

Матбуот анжуманида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнат муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси ‒ меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати бошлиғи Камолжон Ўроқов ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароити яратиш, ишлаб чиқариш жараёнида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси талабига қатъий риоя этилишини таъминлаш борасида сўз юритди.
Шунингдек, Жисмоний ва юридик шахслар мурожаати билан ишлаш хизмати бошлиғи Одил Шаропов ўз йўналишида 2026 йил саккиз ойи якуни бўйича маълумот берди.

Дарҳақиқат, фуқаролар билан мулоқотда аниқ кўрсаткичлар қайд этилган. Январь-август ойларида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 554 мурожаатнинг 511 таси қаноатлантирилган. Фуқаролар билан бевосита муносабатни таъминлаш мақсадида 9 марта онлайн-мулоқот ташкил этилган.
Тадбирнинг иккинчи қисмида оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига корхонанинг тегишли масъул раҳбарлари аниқ маълумотлар асосида жавоб берди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, “Navoiyuran” ДКда коррупция хавфини бошқариш, фуқаролар мурожаатини вақтида кўриб чиқиш, очиқ мулоқот тизимини ривожлантириш ва хавфсиз меҳнат шароити билан таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА