Мактабгача таълим ва тарбия тизими янада такомиллаштирилади
Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йилнинг 5 февралида имзоланган “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон мамлакатимизда инсон капитали ривожини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат сифатида кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда.
Мазкур фармоннинг қабул қилиниши нафақат мактабгача таълим соҳасидаги муҳим ислоҳот, балки келажак авлод тарбиясига қаратилган узоқни кўзлаган стратегик қадамдир.
Бугун дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, таълим тизимининг энг ҳал қилувчи босқичи айнан мактабгача даврдир. Боланинг тафаккури, ижтимоий мослашуви, билим олишга бўлган қизиқиши ва шахсий сифатлари айнан шу даврда шаклланади.
Шу боис фармонда мактабгача таълим ва тарбия тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, инновацион мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ташкил этиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, болаларни ўйинга йўналтирилган таълим асосида миллий ғурур ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш устувор мақсад сифатида белгилангани стратегик аҳамиятга эга.
Ҳужжат билан мактабгача таълим тизимида болаларни тарбиялаш, ривожлантириш ва уларга таълим беришни ижобий муносабатлар орқали амалга ошириш мақсадида ўйинга асосланган таълимни жорий этиш белгиланди. Бу ёндашув боланинг табиий эҳтиёжларига мос келади. Чунки ўйин орқали бола атроф-муҳитни англайди, тажриба орттиради, мустақил фикрлашни ўрганади.
Шунингдек, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурини мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритиш белгилангани Ўзбекистоннинг нафақат инсон капитали индексида мустаҳкам жой эгаллашига замин яратади, балки болаларнинг мактабга тайёргарлик даражасини сезиларли ошириши шубҳасиз.
Фармонда назарда тутилган энг муҳим янгиликлардан бири “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ташкил этишдир.
Бу муассасалар нафақат таълим-тарбия маскани, балки замонавий таълим технологиялари жорий этиладиган инновацион марказлар сифатида фаолият юритади.
Уларда болаларнинг ёши ва ривожланиш босқичларига мос равишда ижод ва санъат, фан ва математика, жисмоний фаоллик ва саргузашт, тил ва тасаввур ҳамда робототехника ва илк алгоритмлаш йўналишларида тематик ўйингоҳлар ташкил этилади. Бу эса албатта, болаларнинг иқтидорини эрта аниқлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳужжатда педагог кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ислоҳотларнинг муваффақияти инсон омили билан боғлиқ эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Янги ташкил этилаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига, аввало, олий маълумотли ва замонавий педагогик ёндашувларга эга тарбиячиларни жалб этиш устувор вазифа этиб белгиланмоқда. Шу билан бирга, таълим жараёнига дуал таълим тизимини жорий қилиш, педагогика олий таълим муассасаларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар тайёрлашни халқаро илғор тажрибалар асосида такомиллаштирилган ўқув дастурлари негизида ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар таълим сифати ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, соҳада рақобатбардош, юқори малакали педагог кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Фармонда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириши билан боғлиқ кенг кўламли имтиёзлар белгилангани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ер ажратиш, кредитлар, субсидиялар ва солиқ енгилликлари тадбиркорларни таълим соҳасига кўпроқ жалб қилишга хизмат қилади.
Бу эса бир томондан қамровни кенгайтирса, иккинчи томондан соғлом рақобатни кучайтириб, таълим хизматлари сифатини оширишга замин яратади.
2030 йилга қадар мактабгача таълим қувватларини кенгайтириш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш учун катта маблағлар йўналтирилиши белгиланган. Бу рақамлар ортида мамлакат келажаги, эртанги тараққиёти турибди.
Чунки мактабгача таълимга киритилган ҳар бир сармоя жамият тараққиётига кўп карра самара билан қайтади. Бундай таълим олган болалар кейинчалик билимли, ташаббускор ва фаол фуқаролар бўлиб етишади.
Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Мактабгача таълимни такомиллаштиришга қаратилган мазкур фармон ана шу стратегик йўлнинг муҳим қисми бўлиб қолади.
Раъно Ҳайитова,
Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи.
ЎзА