Намангандан Деҳлига илк парвоз амалга оширилди
Юртимизда, хусусан Наманган вилоятида транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, айниқса, 65-халқаро "Гуллар фестивали"га муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида бир қатор амалий ишларга қўл урилмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги ва “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ҳамкорлигида Наманган — Деҳли —Наманган йўналишида мунтазам парвозларни амалга оширишга киришилди.

Рўйхатдан ўтиш аввалида аэропорт директори ва “Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг расмий вакили сўзга чиқиб ушбу йўналишдаги илк парвозга старт берди.
Шунингдек, вилоят санъат ходимлари томонидан ижро этилган рақс ва куй қўшиқлар парвоз олдидан йўловчиларга ўзгача кайфият улашди.
Авиакомпаниянинг " Airbus A320" русумли ҳаво кемаси илк бор Наманган шаҳридан 96 нафар йўловчини Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрига олиб кетди.


Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддиновнинг қайд этишича, даставвал авиа қатновлар ҳафтасига бир марта — жума куни бажарилади. Келгусида йўловчилар талаби асосида парвозлар сонини ҳафтасига икки-уч мартагача ошириш режалаштирилган.
Мазкур йўналишнинг очилишига қадар Деҳлига тўғридан-тўғри авиақатновлар фақат Тошкент орқали амалга оширилар эди. Янги авиа рейс водий аҳолиси учун вақт ва масофанинг қисқаришига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА