Авлодлар учрашуви— ибрат мактаби
Азалдан халқимиз ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишни энг юксак қадриятлардан бири сифатида эътироф этиб келади. Зеро, нуронийлар — ҳаёт мактабини босиб ўтган, турли синов ва машаққатларда тобланган, ўз тажрибаси билан ёшларга йўл кўрсатувчи бебаҳо маънавий хазинадир. Улар айтган ҳар бир ўгит, берган маслаҳат ва ибратли ҳаётий мисоллар ёш авлод камолотида муҳим ўрин тутади.
Бежизга донишмандлар “Элни маърифат асрайди”, дея таъкидламаган. Бу йўлда устозлар, катта авлод вакиллари ҳамда маърифат пешволарининг ҳиссаси беқиёсдир.
Ана шундай эзгу анъаналарнинг мантиқий давоми сифатида юртимизда бир неча йиллардан буён “Уч авлод учрашуви” тадбирлари изчил ва самарали тарзда ташкил этилмоқда. Ушбу учрашувлар авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Шундай мазмунли тадбирлардан бири Бухоро вилояти Олот тумани марказидаги Маданият ва маърифат масканида бўлиб ўтди. Учрашувда нуроний отахон ва онахонлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар бир даврада жам бўлиб, самимий мулоқот олиб борди.
Тадбир давомида сўзга чиққан нуронийлар ўзларининг ҳаёт йўллари, босиб ўтган оғир ва шарафли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб берди. Улар ёшликдаги машаққатли меҳнат, сабр-тоқат ва интилиш орқали қандай натижаларга эришганини мисоллар билан баён этди. Шу билан бирга, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, таълим, тадбиркорлик ва ўзини ривожлантириш соҳаларидаги шарт-шароитларни алоҳида эътироф этишди. Нуронийлар ёшларга ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, билим олиш, ҳалол меҳнат қилиш ва юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш зарурлигини уқтирди. “Қариси бор уйнинг париси бор” деган ҳикмат замирида катта маъно мужассам экани яна бир бор таъкидланди.

Учрашувда ўрта авлод вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Улар бу каби тадбирлар ёшлар тарбиясида жуда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Айниқса, бундай учрашувлар ёшлар учун жонли ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши, уларда ҳаётга бўлган қарашларни шакллантириши алоҳида таъкидланди. Шу боис, келгусида ҳам “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирларни янада кенг кўламда ташкил этиш зарурлиги илгари сурилди.
Тадбирнинг энг таъсирли ва илҳомбахш жиҳатларидан бири ёшлар иштирокидаги чиқишлар бўлди. Хусусан, 19-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, китобхонлик танловлари ғолиби Маҳлиё Худойбердиева ўз сўзида китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

— “Китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва ишончли маслаҳатчисидир. Мен ўз ютуқларимга айнан китобга бўлган муҳаббат орқали эришдим. Ҳар бир ўқилган асар инсон дунёқарашини кенгайтиради, фикрлаш доирасини бойитади. Ёшларимиздан илтимосим, вақтни бекорга сарфламай, кўпроқ мутолаа қилишсин. Чунки китоб ўқиган инсон ҳеч қачон йўлдан адашмайди, —дейди у.
Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Шабона Тўймуродова ва Дилноза Раҳматова ҳам ўз ютуқлари ҳақида сўзлаб, тенгдошларини илм олишга, фаол ва интилувчан бўлишга чорлади. Улар ўз мисолида меҳнат, изланиш ва мақсад сари қатъият билан интилиш инсонни албатта муваффақиятга олиб келишини таъкидлади.
Тадбир давомида туман маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар учрашувга янада кўтаринки кайфият бағишлаб, иштирокчилар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Шунингдек, тадбир доирасида туман ахборот-кутубхона марказида яратилган замонавий шарт-шароитлар, китобхонликни кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда “Бувижонлар мактаби” фаолияти ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Бу эса иштирокчиларда китобга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА