Жаҳон банки тадқиқоти натижалари Хоразмда муҳокама қилинди
Хива шаҳрида Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда камбағаллик ва тенгликни баҳолаш: Фаровонликка эришиш ва барча учун имкониятларни кенгайтириш сари” номли тадқиқот натижаларига бағишланган халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Унда “Ижтимоий реестр” таҳлили ва оилаларни барқарор даромадга олиб чиқиш бўйича манзилли чоралар, ҳудудий тажриба, маҳалла даражасидаги натижалар ва камбағалликни қисқартиришнинг навбатдаги босқичига оид вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев, Хоразм вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлатов ҳамда Жаҳон банки амалиёт бошқарувчиси Амбар Нараян сўзга чиқди.
– Тошкент шаҳрида бошланган тадбирнинг Хоразмда давом эттирилишида алоҳида рамзий маъно бор, – деди камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев. – Президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудудларда янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу маънода, Жаҳон банки тадқиқоти натижаларининг бу ерда муҳокама қилиниши ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва келгусидаги вазифаларни халқаро тажриба билан уйғунлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир давомида Хоразм вилоятида минтақавий ривожланиш бўйича аниқ чора-тадбирлар, “Камбағалликдан фаровонликка” дастурини амалга ошириш ва маҳаллаларда бандлик имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳамда жаҳон банкининг катта иқтисодчилари ҳисоботларининг асосий хулосалари тақдим этилди.
– Сўнгги беш йиллик натижаларга қаралса, вилоятдаги 509 та маҳаллада 2 996 нафар “маҳалла еттилиги” аъзоси билан ҳамкорликда бандлик, тадбиркорлик, инфратузилма ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилди, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов. – Маҳаллаларни ривожлантиришга 12 триллион сўм йўналтирилиб, ҳудудлар инфратузилмаси яхшиланди. Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш учун 6 минг нафар фуқарога 387 миллиард сўм субсидия, 164 минг нафар жисмоний ва юридик шахсга эса 5 триллион сўм кредит ажратилди. Натижада 33 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Ёшлар ва эҳтиёжманд оилаларга 16 минг гектар ер майдони берилди. Янги ижтимоий хизмат ва ижтимоий марказлар орқали 229 минг нафар аҳоли қамраб олинди. Бандлик ва даромадларни ошириш йўналишида 20 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 11 мингта хонадонга “лойиҳа пакетлари” тақдим этилди. Сўнгги беш йилда 150 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ҳамда 400 минг нафар аҳолининг даромади оширилди. Юз минг нафардан ортиқ фуқаронинг меҳнат фаолияти легаллаштирилди. Етмиш саккиз мингдан ортиқ фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, 42 минг нафари тартибли меҳнат миграциясига йўналтирилди.
Тадбир давомида асосий эътибор ҳар бир оиланинг ҳолатини индивидуал баҳолаш, камбағаллик сабабини аниқ аниқлаш ва доимий иш, касб-ҳунар, тадбиркорлик, ўзини ўзи банд қилиш ёки тартибли миграция орқали унга мос барқарор даромад манбаини яратишга қаратилди.
[gallery-31604]
Тадбирда тадқиқотнинг асосий хулосалари, ҳудудий тажриба ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари