Марказий банк Миллий финтех стратегияси ва wCBDC имкониятларини тақдим этди
Марказий банкда Миллий финтех стратегияси ҳамда Марказий банк рақамли валютасининг улгуржи шакли - wCBDC имкониятларига бағишланган таҳлилий ҳисобот мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Мутасаддилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев, Марказий банкнинг Молиявий технологияларни ривожлантириш департаменти директори Равшанбек Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, Миллий финтех стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари, шунингдек, wCBDC имкониятларига алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш кўлами изчил кенгайиб, янги молиявий технологиялар ва бизнес моделлари жадал ривожланмоқда. Бу жараён молиявий хизматларни янада қулай, тезкор ва оммабоп қилиш билан бирга, инновацияларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд рискларни самарали бошқариш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ёндашувни талаб этмоқда.

– Марказий банк тасдиқлаган Молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш миллий стратегияси 2026-2030 йилларга мўлжалланган бўлиб, у алоҳида ташаббуслар тўплами эмас, балки мамлакатда молиявий технологиялар соҳасини комплекс ривожлантиришга қаратилган стратегия ҳисобланади. Стратегиянинг асосий мақсади 2030 йилга қадар Ўзбекистонни молиявий технологиялар бозори иштирокчилари учун Марказий Осиёда жозибадор юрисдикцияга, яъни минтақавий финтех марказига айлантиришдан иборат.
Бунинг учун мамлакатимизда зарур салоҳият мавжуд. Аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади, интернетдан фойдаланиш даражаси 94 фоизга етган, рақамли тўловлардан фойдаланиш кўрсаткичи эса 82 фоиздан ошган. Бу Ўзбекистонда рақамли молиявий хизматларни жадал ривожлантириш учун юқори салоҳиятли бозор шаклланганини кўрсатади.
Шу билан бирга, трансчегаравий пул ўтказмалари самарадорлигини ошириш, кичик ва ўрта бизнес учун замонавий молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, молиявий хизматлар қамровини ошириш, барқарор молия тизимини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли хавфсизликни кучайтириш муҳим вазифалардан биридир, –деди Н.Сайдуллаев.

Маълум қилинганидек, стратегия доирасида 2030 йилга қадар финтех стартапларига жалб қилинадиган хорижий инвестициялар ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, финтех бозори иштирокчилари сонини 200 тадан ошириш, 100 дан зиёд стартапни инкубация ва акселерация дастурларидан ўтказиш ҳамда 5 мингдан ортиқ ёшларни финтех йўналишида ўқитиш мақсад қилинган.
Стратегия олтита устувор йўналишни қамраб олади. Булар - жадал ривожланувчи ва қулай финтех экотизимини шакллантириш, рискларга мослашган назоратни ривожлантириш, минтақавий интеграцияни кучайтириш, Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг финтех марказига айлантириш, илғор технологияларга асосланган молияни ривожлантириш ҳамда ишончли ва жадал ривожланувчи молиявий муҳитни таъминлаш.
Хусусан, инновацион хаб, тартибга солиш қумдони, финтех таълими, стартапларни молиялаштириш ва банк-финтех ҳамкорлигини ривожлантириш орқали компанияларни ғоядан бозоргача қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Шунингдек, рискларга мутаносиб лицензиялаш ва тартибга солиш тизимини жорий этиш, AML/CFT механизмларини модернизация қилиш, SupTech ва RegTech ечимларидан фойдаланиш, маълумотларга асосланган назорат, операцион барқарорлик ва киберхавфсизликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Минтақавий интеграция доирасида қўшни давлатларнинг тўлов тизимлари билан интеграцияни такомиллаштириш, халқаро ўтказмаларни тезкор ва шаффоф қилиш ҳамда рақамли сўм имкониятларини ривожлантириш режалаштирилган. Илғор технологияларга асосланган молия йўналишида эса рақамли ID, Open Banking ва очиқ API стандартларини жорий этиш, активларни токенлаштириш ҳамда сунъий интеллект асосидаги пилот лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
–Мазкур стратегияни амалга ошириш босқичма-босқич ташкил этилади. 2026-2027 йилларда финтех экотизими ва зарур институционал асослар шакллантирилади. 2028-2029 йилларда финтех инфратузилмаси такомиллаштирилиб, минтақавий интеграция мустаҳкамланади. 2030 йилга қадар эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги минтақавий финтех маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Стратегияни амалга оширишда Марказий банк билан бир қаторда давлат органлари, банклар, финтех компаниялар, молия сектори ва академик ҳамжамиятнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ва замонавий таълим дастурларини жорий этишда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади.
Стратегияни ишлаб чиқиш жараёни қарийб бир йил давом этди. Унда хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилиб, Сингапур Марказий банки мутахассислари ҳамда GFN ташкилоти билан ҳамкорлик қилинди. Стратегия доирасида компанияларни ғоядан бозоргача қўллаб-қувватлаш, финтех стартапларини ривожлантириш, банк ва финтех компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган механизмлар назарда тутилган.
Шунингдек, финтех соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ва таълим дастурларини ривожлантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилиш режалаштирилган, – деди Р.Қодиров.

Матбуот анжуманида Миллий финтех стратегияси билан бир қаторда Марказий банк рақамли валютасининг улгуржи шакли - wCBDC бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам тақдим этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА