Биржа савдосидаги қоидабузарликлар нимани кўрсатди?
Биржа савдоларида рақамлар ортида оддий бозор қоидаси турибди. Маҳсулот белгиланган ҳажм ва муддатда савдога чиқарилиши, харидор эса уни очиқ ва шаффоф тарзда сотиб олиши керак. Бу тартиб бузилса, бозордаги нарх ва рақобатга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Рақобат қўмитасининг ўрганишлари эса айрим корхоналарда шу талабларга риоя қилинмаганини кўрсатмоқда.
Қорақалпоғистондаги “ECO TEKS CLUSTER” МЧЖ фаолияти ўрганилганда 2023 йил октябридан 2026 йил майига қадар пахта толаси, линт ва пахта ёғи биржа савдоларига тасдиқланган графиксиз, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилгани аниқланган. Жами 38 та ҳолат қайд этилган. Шундан 11 тасида пахта толасининг биржа котировкаси билан шартнома нархи ўртасидаги фарқ ҳисобидан 183,8 миллион сўм асоссиз олинган маблағ аниқланган.
Андижон вилоятида эса гап бошқа муаммо — биржага режалаштирилган маҳсулотнинг белгиланган ҳажмда чиқарилмагани ҳақида кетмоқда.
“SADAF SOF UNLARI” МЧЖ фаолияти таҳлил қилинганда, 2025 йил июль–декабрь ойларида айрим ойларда биржага режадагидан кам маҳсулот чиқарилган, айрим ойларда эса умуман савдога қўйилмаган. Масалан, сентябрда 840 тонна, октябрда 910 тонна, ноябрда 810 тонна маҳсулот биржа савдоларига чиқарилмаган.
Жиззах вилоятидаги “GROUPTEXTIL” МЧЖда эса 2025 йил декабрь ойида 1 186 тонна, қарийб 4,1 миллиард сўмлик пахта чигити ва тола маҳсулотларини белгиланган муддат ва ҳажмда биржага чиқармаслик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
Қашқадарёдаги “Касби тегирмони” МЧЖда ҳам биржага қўйилиши режалаштирилган маҳсулотнинг бир қисми савдога чиқарилмаган.
Нега бу муҳим? Чунки биржа савдосининг мазмуни — маҳсулотни очиқ савдога чиқариш, харидорлар учун тенг имконият яратиш ва бозорда шаффофликни таъминлаш. Шунинг учун белгиланган маҳсулотни биржага чиқармаслик ёки уни тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиш оддий техник масала эмас.
Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли субъектларга нисбатан иш қўзғатилиб, асоссиз олинган маблағларни қайтариш, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА