Ҳамкорлик ривожланмоқда
Жиззахда Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг амалий мазмунини яна бир бор намоён этган муҳим мулоқот бўлиб ўтди. Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Тугжанов бошчилигидаги делегациянинг вилоятга ташрифи давомида нафақат ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятлари, балки замонавий агросаноат корхоналарининг экспортбоп маҳсулот яратиш салоҳияти ҳам атрофлича намоён бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Жиззах вилояти ҳокимлигида ўтказилган учрашувда иштирок этиб, ҳудуд иқтисодиётининг устувор йўналишлари, инвестициявий муҳит ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Шундан сўнг делегация аъзолари “Жиззах” махсус индустриал зонасидаги замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди.
Ташрифнинг энг диққатга сазовор манзилларидан бири “BMB Holding” таркибидаги “BMB-NRC Agrologistics” ҳамда “BMB Agro Plus” корхоналари бўлди. Делегация аъзоларига “BMB Holding” таъсисчиси Азиз Маматқулов ҳамроҳлик қилиб, мазкур мажмуаларда йўлга қўйилган иш жараёнлари, технологик имкониятлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Айниқса, “BMB-NRC Agrologistics” агрологистика мажмуасидаги тизим меҳмонлар эътиборини тортди. Бу ерда “Ягона дарча” тамойили асосида божхона ва карантин хизматларининг бир жойда мужассамлаштирилгани экспорт жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли сақлаш, замонавий усулда қадоқлаш ва ташқи бозорларга жўнатиш имкониятлари эса аграр маҳсулотнинг даладан бозоргача бўлган йўлини такомиллаштирмоқда.

Бу жиҳат Ўзбекистонда агросаноатни оддий хомашё етиштириш доирасидан чиқариб, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтириш сиёсати билан ҳамоҳанг. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июндаги “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, қўшимча қийматли маҳсулотлар яратиш ва агросаноат салоҳиятидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. “BMB Holding” компанияси тизимида маҳсулотни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспортга тайёрлаш занжирининг шакллангани ушбу вазифаларнинг амалиётдаги кўринишларидан биридир.
“BMB Agro Plus” корхонасида эса аграр хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали унинг иқтисодий қийматини бир неча карра оширишга қаратилган технологик жараёнлар намойиш этилди. Помидор пастаси тайёрлаш, қовоқ ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, мева-сабзавотларни шок усулида музлатиш, музқаймоқ ва турли маҳсулотларни сублимация усулида қайта ишлаш каби йўналишлар замонавий саноат ечимларининг амалий ифодасидир.

Корхонада сублимация технологияси асосида маҳсулот турларини кенгайтириш бўйича ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Жорий йил февраль ойида “BMB Agro Plus” Ўзбекистонда янги йўналиш сифатида музқаймоқни сублимация усулида қуритишни йўлга қўйгани ҳақида хабар берилган. Бу технология маҳсулотнинг сақланиш муддатини узайтириш, унинг шакли, ранги ва таъм хусусиятларини асраш ҳамда экспортбоп янги маҳсулотлар турини кўпайтириш имконини бермоқда.

Шу маънода, Жиззахдаги мазкур корхоналар фаолиятида бир муҳим тамойил яққол кўзга ташланади: қишлоқ хўжалиги маҳсулоти энди фақат етиштирилган ҳосил эмас, балки қайта ишланган, қадоқланган, сифат кўрсаткичлари таъминланган ва ташқи бозорга тайёр рақобатбардош маҳсулотдир. Бундай ёндашув эса экспорт географиясини кенгайтириш билан бирга, мамлакатнинг агросаноат занжиридаги мавқеини ҳам мустаҳкамлайди.

Делегация ташрифи давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро агросаноат ҳамкорлигини янада жонлантириш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилингани ҳам бежиз эмас. Зеро, замонавий иқтисодий ҳамкорликда асосий мезон маҳсулотнинг ҳажми эмас, унинг сифати, қайта ишланганлик даражаси ва бозордаги рақобатбардошлигидир.
Жиззахдаги “BMB Holding” корхоналари мисолида эса ана шу талабга жавоб берадиган яхлит занжир – маҳсулотни етиштиришдан тортиб уни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга чиқаришгача бўлган тизим шаклланаётгани кўринади. Бу жараён нафақат вилоят иқтисодиёти учун янги имкониятлар очмоқда, балки Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий иқтисодий ҳамкорликни янги лойиҳалар, янги бозорлар ва янги қўшилган қиймат билан бойитиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари