Инсон қадри улуғланаётган лойиҳа
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ижтимоий ҳимоя тизими тубдан такомиллаштирилиб, эҳтиёжманд фуқароларга замонавий ва манзилли хизматлар кўрсатишнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Бу борада “Фаол ҳаётга қадам” дастури ижтимоий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиққан муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
– Мазкур дастур доирасида ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун бешта асосий ижтимоий хизмат тури йўлга қўйилган, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси Элбек Икромов. – Жумладан, уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, уй шароитида қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш ҳамда шахсий ёрдамчи хизматлари аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этилган. Ушбу хизматлар фуқароларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, саломатлигини тиклаш, мустақил яшаш кўникмаларини ривожлантириш ва уларнинг жамиятга тўлақонли интеграциялашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Навбаҳор туманидаги “Жаҳон Нор Тиббиёт” оилавий корхонаси томонидан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексаларга тиббий-ижтимоий реабилитация хизматларини кўрсатиш орқали уларнинг саломатлигини тиклаш, мустақил ҳаёт кечириш имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий фаоллигини ошириш йўналишларида фаолият олиб боради. Марказ фаолияти аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият билан интеграциясини таъминлаш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Бугунги кунда марказда 17 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқарога тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилиб, улар малакали мутахассислар томонидан зарур парвариш ва тиббий кўмак билан таъминланмоқда, – дейди марказ раҳбари Моҳичеҳра Эргашева. – Марказимизда тегишли тартибда барча шарт-шароитлар яратилган. Ходимларимиз хизматларимиздан фойдаланаётган фуқароларнинг саломатликларини тиклаши, ижтимоий фаоллигини ошириши ҳамда ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлашида барча имкониятларини ишга солишмоқда.

Албатта, бугун “Фаол ҳаётга қадам” дастури ўзининг амалий самарасини бермоқда. Энг муҳими, бундай эзгу ташаббуслар нафақат ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга, балки жамиятда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш ва ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик тамойили ҳаётда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири