Ҳар бир болага мос таълим: янги баҳолаш тизими нимани ўзгартиради?
Боланинг таълим олиши учун фақат мактаб ва ўқитувчининг ўзи етарли эмас. Айрим болаларга қўшимча педагогик, психологик ёки ижтимоий кўмак зарур бўлади.
Энг муҳими - бундай эҳтиёжни ўз вақтида аниқлаш ва болага мос шароит яратишдир. Шу маънода, Ўзбекистонда болаларнинг алоҳида таълим эҳтиёжларини аниқлашга қаратилган янги комплекс баҳолаш тизимининг йўлга қўйилаётгани муҳим қадам бўлмоқда.
Маълумки, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳузурида Болани комплекс баҳолаш гуруҳлари ўз фаолиятини бошлади. Янги тизимга асосан, боланинг таълим имконияти фақат битта мезон асосида эмас, балки бир нечта омил ҳисобга олинган ҳолда баҳоланади. 3–18 ёшдаги боланинг ривожланиши, мулоқот қобилияти, хулқ-атвори, таълим олиш имкониятлари, оилавий ва ижтимоий муҳити комплекс ўрганилади.
Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, баҳолаш жараёнида махсус педагог, психолог ва маҳалладаги ижтимоий ходим иштирок этмоқда. Зарур ҳолларда тиббиёт мутахассислари ҳам жалб этилади. Шу билан бирга, ота-она ёки қонуний вакилнинг жараёнда иштирок этиши таъминланади. Демак, янги тизим фақат хулоса чиқариш воситаси эмас. У боланинг кейинги таълим йўналишини белгилаш, унга зарур қўллаб-қувватлаш чораларини аниқлаш ва тегишли давлат таълим муассасасига йўналтиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат — хизматларнинг оилага яқинлаштирилаётгани. Илгари ота-она боласининг таълим эҳтиёжини аниқлаш учун турли муассасаларга мурожаат қилишига тўғри келган бўлса, янги ёндашувда комплекс баҳолаш хизматларини “Инсон” марказлари ва маҳалла даражасига яқинлаштириш кўзда тутилмоқда. Тизим 1 октябрдан Навоий ва Урганч шаҳарларида иш бошлади. 1 ноябрдан Кармана, Қизилтепа, Конимех, Янгибозор, Қўшкўпир туманлари ва Хива шаҳри қамраб олинади. 1 декабрдан эса икки вилоятнинг қолган туман ва шаҳарларида жорий этилади. Бунинг учун Навоий вилоятида 5 та, Хоразм вилоятида 7 та — жами 12 та комплекс баҳолаш гуруҳи хизмат кўрсатади.
Аслида, ҳар бир боланинг имконияти бир хил эмас. Кимдир билимни тезроқ ўзлаштиради, бошқасига кўпроқ вақт керак бўлади. Яна бир бола мулоқот, хулқ-атвор ёки ижтимоий мослашув борасида қўшимча ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Шу сабабли таълимда “ҳаммага бир хил” ёндашув ҳар доим ҳам кутилган натижани бермайди. Янги тизимнинг асосий қиймати боланинг чекловига эмас, унинг имконияти ва эҳтиёжига қараб ёндашишдан иборат.
Энг муҳими, бу жараён қоғоздаги баҳолаш билан чекланиб қолмаслиги керак. Берилган тавсиялар мактабда амалда таъминланса, педагоглар зарур воситалар билан қўллаб-қувватланса ва ота-оналар жараённинг тўлақонли иштирокчисига айланса, комплекс баҳолаш тизими инклюзив таълимни янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Зеро, таълимда тенглик — барча болага бир хил шароит яратиш эмас. Ҳар бир болага ўз эҳтиёжига мос имконият беришдир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА