Реабилитация — янги имкониятлар сари йўл
ФОТОРЕПОРТАЖ
Соғлиқни тиклаш, кундалик ҳаётга мослашиш, жамиятда фаол иштирок этиш ва мустақил ҳаёт кечириш учун зарур кўникмаларни шакллантириш — реабилитация жараёнининг муҳим йўналишларидандир. Сурхондарё вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида бу вазифалар тиббий ва ижтимоий хизматлар уйғунлигида амалга оширилмоқда.
130 ўринга мўлжалланган марказда беморларни қабул қилиш ва тиббий кўрикдан ўтказишдан тортиб, функционал диагностика, даволаш, реабилитация ҳамда протез-ортопедия хизматларигача бўлган жараёнлар комплекс тарзда ташкил этилган.
Марказнинг қабул ва функционал диагностика бўлимларида беморларнинг саломатлик ҳолати ўрганилиб, зарур текширувлар ўтказилади. Бу ерда ультратовуш текшируви, электрокардиография, эхокардиография, рентген ва лаборатория хизматлари йўлга қўйилган.
Реабилитация жараёни эса тиббий муолажалар билангина чекланмайди. Мутахассислар томонидан психологик ёрдам кўрсатиш, оилавий ҳаётга мослашувга кўмаклашиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, протез-ортопедия мосламаларидан тўғри фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда меҳнат терапияси каби йўналишларда хизматлар кўрсатилмоқда.
Физиотерапия бўлимида даволаш жисмоний тарбияси, уқалаш, парафин билан даволаш ва бошқа муолажалар ташкил этилган. Бу жараёнларда беморларнинг жисмоний имкониятларини тиклаш ва кундалик фаолликка мослашувига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-31744]
Марказда жарроҳлик, ижтимоий реабилитация, протезлаш ва меҳнат терапияси йўналишлари ҳам қамраб олинган. Шу тариқа реабилитация жараёни ҳар бир йўналишнинг ўзаро уйғунлиги асосида ташкил этилмоқда.
Бугун реабилитация — бу фақат саломатликни тиклаш эмас. Инсоннинг оила ва жамиятдаги фаоллигини қайта тиклаш, ўзини ўзи эркин ҳис қилиши, мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳам унинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Сурхондарё вилоятидаги мазкур марказда тиббий ёрдам, ижтимоий кўмак ва реабилитация чоралари бир бутун жараён сифатида ташкил этилган. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини тиклаш билан бирга, уларнинг мустақил ҳаётга қайтиши учун зарур имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА