Ўзбекистоннинг халқаро таълим ҳамкорлигидаги мавқеи мустаҳкамланмоқда
Мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, халқаро баҳолаш тадқиқотларидаги иштирокини мустаҳкамлаш ҳамда илғор тажрибаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим.
Жорий йилнинг 5–8 октябрь кунлари Польшанинг Варшава шаҳрида Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) Бош Ассамблеясининг 67-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Сессияда 50 дан ортиқ мамлакатдан таълим вазирликлари, илмий-тадқиқот институтлари ва университетларнинг 120 дан зиёд вакили иштирок этмоқда.
Тадбирда IEA фаолиятининг стратегик йўналишлари, PIRLS ва TIMSS халқаро баҳолаш тадқиқотларининг келгуси босқичлари, янги тадқиқот ташаббуслари ҳамда халқаро ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинади. Жумладан, мазкур тадбирда Абдулла Авлоний номидаги институт ректори Абдували Исмоилов бошчилигидаги вакиллар ҳам иштирок этмоқда, дейилади институт ахборотида.
Унда Ўзбекистон таълим тизими, Институт фаолияти ва халқаро баҳолаш тадқиқотлари доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбирда Абдулла Авлоний номидаги институт IEAга аъзолиги масаласи Бош Ассамблея вакиллари томонидан овозга қўйилади, дейилади маълумотда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, IEA Бош Ассамблеяси ташкилотнинг энг юқори қарор қабул қилувчи органи бўлиб, унга аъзолик халқаро тадқиқотлар ва стратегик ташаббуслар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш, кафолатланган ўрнига эга бўлиш ҳуқуқини беради. Шунингдек, дунё таълимига оид муҳим қарорлар қабул қилинишида ҳам аъзоликнинг ўрни муҳим.
Эслатиб ўтамиз, Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) Бош Ассамблеясига Ўзбекистоннинг аъзоликка кириш масаласи 2023 йилда биринчи марта таклиф этилган. 2026 йилда эса ушбу таклиф IEA Доимий қўмитаси (Standing Committee) томонидан кўриб чиқилди ва Бош Ассамблея кун тартибига киритилди.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА