Бир кунда 40 тоннагача пахта тераётган комбайнчи
Мингбулоқлик комбайнчи Отабек Тошбоев бир кунда 40 тоннагача пахта териб, кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Унинг бу маҳорати ортида қандай тажриба ва қандай даромад яширин?
Бир кунда 40 тоннагача пахта тераётган комбайнчи
Мингбулоқлик Отабек Тошбоев учун техника бошқариш шунчаки касб эмас, балки йиллар давомида орттирилган тажриба ва меҳнат билан боғлиқ ҳаёт тарзидир.
Унинг асосий фаолияти трактор ва комбайнларни бошқариш билан боғлиқ. Айниқса, куз фасли кириб, пахта терими мавсуми бошлангач, Отабек ака терим комбайнини бошқариб, далаларда қизғин меҳнат қилади.
Унинг айтишича, бир кунда ўртача 35–40 тонна пахта териш мумкин. Энг юқори натижаси эса 45 тоннани ташкил этган.
— Об-ҳаво яхши бўлса, терим ҳам унумли бўлади. Техника соз, шароит яхши бўлса, кунлик ҳосил ҳам юқори бўлади, — дейди Отабек Тошбоев.
Мавсум сермаҳсул келган пайтларда унинг ойлик даромади 18–20 миллион сўмгача етади. Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган замонавий терим комбайнларини эса, унинг айтишича, биринчи марта бошқарганидаёқ ўзлаштириб олган.
Ҳозир Отабек Тошбоев учун энг масъулиятли паллалардан бири — пахта терими мавсуми. У ҳар куни далага чиқиб, ҳосилни имкон қадар сифатли ва тез йиғиб олишга ҳаракат қилмоқда.
Аммо унинг меҳнати фақат пахта мавсуми билан чекланмайди. Пахта терими якунлангач, у трактор ҳайдаб, қишлоқ хўжалиги ишларида давом этади. Бу мавсум ҳам тугагач эса юк машинасида юк ташиб, меҳнат фаолиятини давом эттиради.
Бир сўз билан айтганда, Отабек Тошбоев — мавсумга қараб касбини эмас, техникасини алмаштириб, йил давомида меҳнат қиладиган фидойи инсонлардан бири. Унинг кундалик ҳаёти қишлоқ хўжалиги ва замонавий техника билан чамбарчас боғлиқ.
Тоҳир Турсунов, ЎзА