Ғолибларга йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўмдан қалам ҳақи берилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Ҳар йили “Миллий ижодкорлар қурултойи” ўтказилади. Бу 21 та ижодий бирлашманинг ўзига хос йиллик ҳисоботи бўлади.
Қурултойда бирлашмаларнинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорларининг бадиий кечаси ташкил қилинади ва улар муносиб тақдирланади.
Мисол учун, мусиқа соҳасида камида 10 та қўшиқ ёки мусиқа яратган, халқ артисти, хизмат кўрсатган артист унвонини олган ёки халқаро танловлар ғолиблари бўлган, асарлари мамлакат ва халқаро саҳналарда ижро этилаётган қўшиқчи, созанда ва композиторлар; адабиёт соҳасида юқори даражада эътироф этилган бадиий китоб муаллифи бўлган, яратган асари 50 минг нусхадан зиёд чоп этилган, ижод маҳсули театр ва кинода саҳналаштирилган, шеърлари “хит” қўшиққа айланган шоир, ёзувчи ва драматурглар тақдирланади.
Уларга йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўмдан қалам ҳақи берилади, Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади. Ихтисослашган тиббиёт марказларида даволаниш харажати тўлиқ бюджетдан қопланади. Уларнинг маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этилади.
Президентимиз совриндорлар кейинги йили ҳам ижодини тўхтатмай янги натижалар қилса, юқоридаги имтиёзларни олишда давом этиши ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади.
ЎзА