Хусусий театрлар қўллаб-қувватланса, соҳада соғлом ижодий рақобат муҳити пайдо бўлади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтнинг бир қатор театрларидаги ҳолат ўрганилгач, Миллий қўғирчоқ театри, Муқимий номидаги академик театр ва Ёшлар театрига замонавий қиёфа олиб кириш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Ўтган йили Алишер Навоий театрига молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилгани ўзини оқлади. Энди мазкур тажриба оммалаштирилиб, шу йилнинг ўзида Муқимий, Бердақ ва Миллий қўғирчоқ театрларига шундай имконият берилади.
Мутасаддиларга қолган маданият объектларини модернизатсия қилиш бўйича икки йиллик дастурни киритиш топширилди.
Хусусий театрлар қўллаб-қувватланса, соҳада соғлом ижодий рақобат муҳити пайдо бўлади. Шунинг учун 1 сентябрьдан бошлаб хусусий театрлар ва театр-студияларига ҳар йили 50 та саҳна асари яратиш харажати давлат томонидан қоплаб берилади, давлат маданият объектлари бепул фойдаланиш учун ажратилади, хусусий бинони ижарага олса, ойига 20 миллион сўмгача харажати буджетдан қопланади.
Давлат ва хусусий театрларга яна бир янгилик эълон қилинди.
Эндиликда улар спектакль учун сотилган ҳар бир чиптага буджетдан қўшимча 10 минг сўмдан гонорар олади. Яъни мингта билет сотса, театрга қўшимча 10 миллион сўм берилади. Агар ижодкорлар саҳна асарини ҳудудларга чиқиб намойиш қилса, гонорар миқдори 20 минг сўмдан бўлади.
ЎзА