Миллий руҳни уйғотадиган санъат, халқни илҳомлантирадиган адабиёт, ёшларга фахр ва ифтихор берадиган кино кераклиги айтилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви давом этмоқда.
–Жамиятимиз тараққиётида жуда муҳим бўлган бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Баъзан бизда миллий руҳ етишмагандай бўляпти. Саҳна асарлари бор, лекин кучли таъсири йўқ. Қўшиқда овоз бор, лекин халқнинг ўткир нафаси сезилмаяпти. Кинода ҳаракат бор, лекин халқнинг дарди, ғурури ва характери кўринмаяпти. Баъзи асарларда шакл бор, лекин катта ғоя йўқ. Миллий ўзлигимиз ва руҳиятимизни ифодалаш учун ижод ва санъатдан таъсирлироқ ва кучлироқ восита йўқ, десам фикримга қўшиласизлар.
Шу боис, бизга миллий руҳни уйғотадиган санъат керак, халқни илҳомлантирадиган адабиёт керак, ёшларга фахр ва ифтихор берадиган кино керак, қалбларни жунбишга келтирадиган мусиқа керак, одамнинг ўзини англашга ундайдиган театр керак, – деди Президентимиз.
Халқимиз кўнглида Ватанга муҳаббат, миллатга садоқат руҳини уйғотадиган, катта-катта ислоҳотларимизни одамларга етказиб берадиган қасида, қўшиқ ва романлар, спектакль ва фильмлар яратадиган ижодкорлар кўплигига ишонч билдирилди.
Шу боис, ҳар йили мазкур йўналишда ҳам танловлар ўтказиб борилади. Гран-при соҳибларининг ижодини янада қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратилади.
ЎзА