Гиёҳвандлик моддасининг яширин жойи аниқланди
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёшларни бу иллатдан ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия” доирасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунга қарамай, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатларнинг учраётгани бу борада ҳушёрликни янада ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигини кучайтириш ва профилактик ишларни изчил давом эттириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида Шофиркон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларини яширин сақлаш билан боғлиқ ҳолат фош этилди.
Олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида ташкил этилган тадбир жараёнида кузатувга олинган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Текширув давомида хонадон пойдеворининг остки қисмига яшириш мақсадида кўмиб қўйилган, умумий оғирлиги 2 килограмм 875 грамм бўлган «марихуана» гиёҳвандлик моддаси аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тегишли тергов органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳолат гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашишда идоралараро ҳамкорлик ва тезкор ахборот алмашинуви муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор кўрсатади. Зеро, бундай жиноятларнинг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири