Янги Ўзбекистон ёшлари юрт тақдирини белгиловчи юксак кучга айланди
Мушоҳада
Давлат ва жамият ҳаётида шундай тарихий бурилиш нуқталари бўладики, унда қабул қилинган қарорлар ва илгари сурилган ғоялар фақат бугунги кунни эмас, балки асрларга татигулик истиқболнинг сиёсий ва мафкуравий иқлимини белгилаб беради. Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллик айёмига бағишланган тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан йўлланган дастурий маъруза айнан шундай тарихий манифест мақомига эга бўлди.
Ушбу нутқда давлатнинг ёшларга оид сиёсатидаги энг муҳим концептуал ва фалсафий ёндашув очиб берилди. Яъни, бугун давлат ёшларга келажакнинг тайёр истеъмолчиси сифатида эмас, балки ушбу келажакни ўз қўли билан яратувчи сиёсий ва ижтимоий субъект сифатида қарамоқда. Зеро, ёшларга чексиз ишонч билдирган давлат уларга фақат имконият ва вазифа бериб қолмай, энг аввало, юксак масъулият ҳам юклайди.

Энг муҳими, ушбу авлод мустақилликни шунчаки тайёр мерос сифатида қабул қилибгина қолмай, уни янги мазмун-моҳият билан бойитиш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олмоқда. Бугун улар эришаётган илмий ва амалий ютуқлар фақат шахсий муваффақият эмас, балки умуммиллий ғуруримиз тимсолидир. Зеро, мустақилликни асрашнинг энг ишончли қалъаси фақат сарҳадларда эмас, аввало, авлодлар тафаккурида барпо этилади. Зеро, ёш авлод билимли бўлса – давлатнинг пойдевори мустаҳкам, у мустақил фикрлай олса – жамиятнинг маънавий иммунитети енгилмас бўлади.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида миллий тараққиёт ва хавфсизликнинг энг бош омилини умуммиллий бирликда кўрар экан, ушбу бирликнинг ядроси, ҳаракатлантирувчи кучи ва бош драйвери сифатида айнан Янги Ўзбекистон ёшларини майдонга олиб чиқди.
Жаҳон тажрибасига назар ташласак, ёшлар салоҳиятидан оқилона фойдалана олган Жанубий Корея, Сингапур ва Хитой каби мамлакатлар атиги бир авлод умри давомида иқтисодий ва технологик юксалишга эриша олганига гувоҳ бўламиз. Бугун Ўзбекистон демографик жиҳатдан ноёб тарихий имкониятга эга. Аҳолимизнинг ёш таркиби шунчаки ижтимоий кўрсаткич эмас, балки стратегик геосиёсий устунликдир. Президент маърузасида теран таъкидланганидек, бундай йирик демографик салоҳиятни тўғри йўналтириш зарур. Тарихдан маълумки, хомашё ёки табиий бойликларга суянган давлатлар вақтинчалик ривожланиши мумкин, аммо фақат инсон капиталига, илм-фан ва интеллектуал салоҳиятга сармоя киритган миллатларгина чинакам суверен ва енгилмас кучга айланади
Тарихан иккинчи марта Шарқ уйғониш даврининг маркази бўлган заминимиз бугун учинчи бор, рақамли билим, сунъий интеллект ва инновацион тафаккур асосида жаҳон илм-фани харитасида ўз ўрнини қайтадан эгалламоқда. Бу жараённинг бош қаҳрамони эса китоб устида тунни тонгга улаётган, лаборатория ва стартап марказларида янги ғоялар устида бош қотираётган бугунги ёшлардир!
Президент маърузасида алоҳида урғу берилган ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари, имтиёзли кредитлар ва солиқ енгилликлари, шунчаки иқтисодий чора эмас, балки чуқур сиёсий маънога эга қадамдир.
Ёшлар энди давлат ғамхўрлигининг оддий объекти эмас, балки миллий хавфсизлик тизимининг фаол субъектига айланди. “Маҳалла еттилиги” тизими орқали энг чекка қишлоқдаги йигит-қизнинг иқтидорини кашф этиш ва уни қўллаб-қувватлаш механизми эса сиёсий тизимнинг халқчиллиги ва ижтимоий давлат тамойилларининг амалий ифодасидир. Бу тизим орқали давлат ва фуқаро ўртасидаги масофа қисқариб, бюрократик тўсиқлар ўрнини бевосита мулоқот ва ишонч эгаллади. Ўзбек ёшлари бугун жаҳоннинг энг нуфузли минбарларида, халқаро АКТ олимпиадаларида, илм-фан ва спорт ареналарида Ватан байроғини баланд кўтараётгани тасодиф эмас.
Мамлакатимиз раҳбари нутқида такрор-такрор урғу берганидек, оила миллий тарбиянинг бирламчи ва энг муқаддас бўғини, маҳалла эса жамиятнинг табиий, тарихан синалган ижтимоий назорат ва қўллаб-қувватлаш институтидир. Айнан оила, маҳалла ва давлатнинг уч томонлама ҳамкорлиги натижасидагина мустаҳкам, миллий қадриятларга содиқ ва айни пайтда замонавий дунёқарашга эга авлод шаклланиши мумкин. Бу уйғунлик бузилган жойда ёт мафкуралар, интернет орқали тарқалаётган зарарли оқимлар ва бегона қадриятлар ёш қалбларни осонгина эгаллаб олади. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари таъкидлаган “маънавий иммунитет” тушунчаси фақатгина жарангдор ибора эмас, балки миллий хавфсизлик доктринасининг таркибий қисмидир.
Замонавий геосиёсат шуни кўрсатадики, миллатнинг келажаги учун энг хатарли майдон бугун қуролли можаролар эмас, балки ёш авлод дунёқараши учун кечаётган ноаён мафкуравий кураш майдонидир.
Президент ўз нутқида ёшларимизни нафақат келажакнинг ворислари, балки бугунги шиддатли ислоҳотларнинг тенг ҳуқуқли ҳаммуаллифлари ва фаол ижрочилари сифатида эътироф этди. Бу эса ёшлар зиммасига улкан сиёсий масъулият юклаш билан бирга уларга тарихда ўз ўрнини топиш имконини беради. Лоқайдлик ва бепарволикка қарши энг кучли қалқон, ёшларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантиришдир, чунки дахлдорлик туйғусисиз ҳеч қандай ислоҳот пойдевор топа олмайди.
Бугунги ахборот асрида ёшлар онгини эгаллаш учун кураш чегара билмайди. Турли ёт оқимлар, деструктив мафкуралар ва сохта “озодлик” ғоялари остида яширинган зарарли таъсирлар айнан ёш, тажрибасиз қалбларни нишонга олади. Давлатимиз раҳбари маърузасида бу хавфга қарши энг ишончли восита сифатида миллий ғоя, тарихий хотира ва диний-маърифий саводхонликни кўрсатди.
Ягона олий мақсад битта – озод ва обод, қудратли Ватан барпо этиш ғояси атрофида жипслашган ўзбек ёшлари бугун ҳар қандай мафкуравий хуружларга ва ёт ғояларга қарши миллий иммунитетга эга бўлди. Зеро, илм-фанни мукаммал эгаллаган навқирон авлод бор экан, Ўзбекистоннинг мустақиллик пойдевори мустаҳкам, истиқболи эса абадийдир.
Маҳфузахон ЙЎЛДОШЕВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
доценти, сиёсий фанлар бўйича
фалсафа доктори.
ЎзА