Рақамли одил судлов фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини оширади
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 14 августдаги "Одил судлов - 2030": Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида"ги фармони билан суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва тизимни ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
«Ўзбекистон - 2030» стратегиясида белгиланган одил судловга оид стратегик мақсадларни изчил амалга ошириш механизмлари белгилаб берилди.
Шу асосда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий қилиш орқали халқчил ва адолатли суд тизими барпо этилади.
Рақамли одил судлов тамойили орқали суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имконияти яратилади.
my.sud.uz портали ва унинг мобил иловаси тубдан янгиланиб, суд жараёнларига сунъий интеллект технологиялари жорий этилади, мурожаатларнинг камида 50 фоизи электрон шаклга ўтказилади.
Айтиб ўтиш керакки, судлар фаолиятида рақамлаштириш жараёнларининг дастлабки босқичлари муваффақиятли жорий этилган. Судларга электрон мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизими орқали онлайн иштирок этиш каби замонавий усуллардан кенг фойдаланилмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятида буни яққол кузатиш мумкин. Жорий йилнинг 9 ойида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 8,8 триллион сўмдан зиёд мажбурий тўловлар ундириш ҳақида 1 миллион 43 минг 910 суд буйруғи чиқарилган. Бу жараёнда, албатта, электрон ҳужжат айланиши имкониятларидан кенг фойдаланилган.
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг қайд этишича, 509 минг 880 фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 398 минг 625 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 60 минг 311 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган.
Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 183 минг 270 таси битимлар (олди-сотди, кредит, қарз ва бошқалар), 51 минг 631 таси никоҳдан ажратиш, 21 минг 433 таси уй-жой муносабатлари, 15 минг 992 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 10 минг 705 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилган.
Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 27 минг 235 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 18 минг 110 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган).
2 минг 569 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 минг 63 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 1 минг 51 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 10 минг 593 иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 минг 887 қарор бекор қилиниб, 643 суд қарори ўзгартирилди.
Кассация тартибида 7 минг 140 иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 минг 424 та қарор бекор қилиниб, 587 та суд қарори ўзгартирилган.
Тафтиш тартибида 4 минг 713 та иш кўриб чиқилган. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 461 та қарор бекор қилиниб, 102 та суд қарори ўзгартирилди.
Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 417 та иш кўриб чиқилган. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган 193 та қарор бекор қилиниб, 52 та суд қарори ўзгартирилган.
Кўриниб турибдики, фуқаролик судларида иш ҳажми доимгидек жуда катта. Президент фармонига кўра, соҳада рақамли одил судлов тамойили кенгроқ жорий этилиши ишларни кўриб чиқиш сифати ва самарадорлиги янада ошишига хизмат қилади. Муҳими, фуқароларнинг судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари ва сифати янада ошади.
Норгул Абдураимова, ЎзА