Сирдарёлик хотин-қизлар Норин тажрибаси билан танишди
Сирдарё вилоятидан келган хотин-қизлар делегацияси Наманган вилояти Норин туманида бўлиб, томорқадан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадини ошириш борасидаги илғор тажрибалар билан танишди.
Дастлаб меҳмонлар тумандаги Пастки Чўжа маҳалласида бўлиб, аҳолининг иссиқхона хўжаликларида қулупнай етиштириш, томорқадан унумли фойдаланиш ва оилавий даромад манбаларини кўпайтириш борасидаги фаолиятини ўрганди.
Ташриф давомида иссиқхоналарда яратилган шароитлар, маҳсулот етиштириш жараёнлари ва маҳаллий аҳолининг тадбиркорлик тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.
Делегациянинг навбатдаги манзили Боёвул маҳалласи бўлди. Бу ерда меҳмонлар лимончиликни ривожлантириш, иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш борасидаги тажрибалар билан танишди.
Хусусан, Маҳмудовлар хонадонида лимон кўчатларини етиштириш, парваришлаш ҳамда маҳсулотдан даромад олиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Боёвул маҳалласидаги 535 та хонадонда 2 минг 691 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 380 тасида лимончилик иссиқхоналари ташкил этилган. Бугунги кунда лимончилик маҳалла аҳолисининг асосий даромад манбаларидан бирига айланган.
Шунингдек, делегация аъзолари Янги Наманган маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Меҳмонларга ҳудуддаги инфратузилма, аҳоли учун яратилган шароитлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Ташриф доирасида сирдарёлик хотин-қизлар Норин туманидаги “Fishvel Norin” гастрономик туризм мажмуаси фаолияти билан ҳам танишди. Мажмуа раҳбари Азиз Даминов меҳмонларга форель балиғини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнлари, соҳада қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳақида сўзлаб берди.
Қиймати 15 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2 минг тонна, экспорт салоҳияти эса 10 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мажмуада бир вақтнинг ўзида 300 нафаргача меҳмонга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлиб, 100 та янги иш ўрни яратилган.
Делегация аъзолари балиқ етиштириш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гастрономик туризм йўналишидаги фаолият билан танишиб, бу борадаги тажрибалар юзасидан фикр алмашди.
[gallery-32379]
Ташриф давомида меҳмонларга Наманган вилояти ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Ёқубова ҳамроҳлик қилди.
Мазкур ташриф хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда шаклланган илғор тажрибаларни оммалаштириш ва вилоятлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА