Биз излаётган қадрият
Миллат қадриятлари – унинг руҳи. Глобаллашув синовлари остида улар ўз аҳамиятини йўқотмоқдами? Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар"и ўзбек руҳини асраб, келажакка қандай йўл кўрсатади?
Дунёда биз яхши билган-билмаган миллатлар, элатлар бор. Аммо уларни миллат сифатида намоён этадиган энг муҳим омил – бу қадрият ҳисобланади. Қадрияти бўлмаган миллатнинг маданияти, маънавияти ҳам бўлмайди. Ўзбек миллати миллион йиллардирки, ўзининг юксак қадриятлари билан бутун инсониятга олий намуна бўлиб келмоқда. Бунинг сири — бу миллатга берилган юксак қалбда, десак, ҳеч янглишмаган бўламиз.
Ҳар нарса ўз аслича гўзал. Шундай экан, ҳақиқий инсонийлик, афзал хулқ-атвор ва муқаддас тарбия айнан бизнинг миллатимизга хос. Бу эса бошқа халқларга ҳам том маънода инсонийлик намунасидир. Бироқ замонлар ўтгач, бугунги кунда ана шундай мўътабар қадриятларимизга кўз теккандек гўё. Катта-ю кичикка ҳурмат, ота-онага, қариндош-уруғга, қўни-қўшнига оқибатли бўлиш ўзбек халқига хос хислатлар саналади. Бу эса асрлар оша яшаб келаётган бой маънавий меросимиз бўлмиш китобларимизда ҳам ўз аксини топган.
Глобаллашувнинг бизга номаълум бўлган айрим унсурлари эса бугунги кунда ана шундай маънавий жавоҳирларимизга бироз шикаст етказаётгандек. Аммо юқорида айтганимиздек, бизнинг бебаҳо хазинамиз аталмиш китобларимиз, аждодларимиз битган асарларимиз борки, улар ҳамиша маёқдир. Ана шундай асарлардан бири — ўзбек романчилик мактабини бошлаб берган ва айни пайтгача энг зўр роман тахтини ҳеч бир асарга бўшатмаган “Ўткан кунлар” романидир. Маълумки, унинг муаллифи улуғ маърифатпарвар жадид бобомиз Абдулла Қодирийдир.
Мазкур роман ўзбек миллатини сўз билан ҳақиқий маънода жонлантира олган асар саналади. Ундаги образлар ва роман сюжети исталган ўқувчини ўзбекона муҳит ва қадриятлар кошонасига олиб киради. Бунда биз фақат муҳаббат қиссасигагина эмас, балки давр фожиасига, миллат эртасига бўлган масъулиятга ва албатта, юксак инсоний фазилатларга гувоҳ бўламиз.
Хусусан, фарзанднинг ота-онага бўлган юксак ҳурмати аниқ ва таъсирчан тасвирланган. Масалан, Отабек образи бунга яққол мисолдир. У гарчанд ўз мақсадига ота-онасини хабардор қила олмай эришган бўлса-да, онасининг гапини ҳам икки қилишга ботина олмайди. Мулоҳаза қилиб кўрилса, асардаги Ҳасанали образи Отабекнинг маънавий отаси эди. Ҳар ҳолда, Юсуфбек ҳожи, яъни Отабекнинг отаси, шундай тайинлаганди. Бундай вазиятда Ҳасанали ўғил учун ҳам қарор қабул қила олган. Шунинг учун ҳам Марғилонда Кумушбибига айнан у совчиликка борган. Отабекнинг тарбияси шу қадар эдики, бошқалар Ҳасаналини ким деб сўрашганда, уни ташқарига чиқариб, “қулимиз” деб жавоб берган.
Умуман олганда, ота-она билан муомала маданияти ҳам ушбу асарда жуда савияли ифодаланган. Масалан, Отабекнинг отасига берган жавобини бир эсланг: Юсуфбек ҳожи “Биз сендан сўрамай, сенинг устингда бир иш қилдик”, деганида, у шундай жавоб берган: “Яхши кишиларнинг фарзандлари устида қилган ишлари нотўғри бўлмайди”. Кўриниб турибдики, бу жавоб билан у ҳам оиласини юқорига қўймоқда, ҳам ўз ҳимоясини унутмаяпти.
Ёки бўлмаса, Кумушбибидаги тарбияни эслайлик. Ҳатто бетобликдан жони қаттиқ азоб чекаётган бўлса-да, хонага қайнотаси кирганида жойидан қўзғалиб, унга ҳурмат бажо келтиришга астойдил уринади. Бу каби мисоллар асарда талайгинадир.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур асар “ўзбек ким?” деса, “мана” деб кўрсатадиган даражадаги олий намунадир. Қолаверса, бугунги учинчи Ренессансга пойдевор қурилаётган замонда энг афзал йўриқнома ҳам айни унда мужассам. Негаки, давлатимиз раҳбари илгари сураётган китобхонлик маданияти, қизларнинг илмли бўлиши каби масалаларнинг оқ ва қора томонлари ҳам романда ўз ифодасини топган. Муаллифнинг маҳорати шу қадарки, у ўтган кунлар орқали келажакка гўё видео қўлланма-дарс тайёрлаган. Чунки асарни ўқиган киши худди бир даврни тасмада кузатгандек бўлади. Бундан ташқари, биз юқорида бот-бот таъкидлаган, бугунги кунда биз излаётган қадриятларимиз ҳам айнан “Ўткан кунлар” романидадир.
Шербек Исломов, ЎзА