Қашқадарёдаги номсиз чўққи музқоя деб аталди
Ҳукумат қарорига асосан вилоятда шу каби жами 11 та тоғ, чўққи, дара, довон ва ғор номи тасдиқланди.
Ҳисор тоғ тизмасининг шимолий-шарқида, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида жойлашган музликлар билан қопланган, денгиз сатҳидан 4360 метр баландликдаги улуғвор чўққи узоқ йиллардан буён хариталарда “Номсиз” деган қайд билан турарди. Бу ҳолат турли йўналишларда ноқулайликларни келтириб чиқариши табиий эди, албатта.
Масалан, тоғ-кон саноати, туризм, экология ва табиатни муҳофаза қилиш сингари соҳаларда тоғлар, чўққилар, даралар, ғорлар, довонлар сингари табиий объектларнинг номлари жуда муҳим аҳамият касб этади.
Яқинда юқорида қайд этилган номсиз чўққига расман “Музқоя” номи берилди ва тегишли пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичлари ўрнатилди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги “Мамлакатимиздаги айрим тоғ тизмалари, тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар ва ғорларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда уларга янги ном бериш тўғрисида”ги 376-сон қарори асосида вилоятимиздаги жами 11 та юқоридаги турдаги табиий географик объект номи давлат тили қоида ва меъёрларига мослаштирилди ва янги ном берилди, – дейди Қашқадарё вилояти ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Нуриддин Эгамов. – Хусусан, Бурсбутто тоғи – Арчалитоғ, Дан-Данчикан тоғи – Каттадовон, Самолёт тушди тоғи – Майдонтоғ, Қалъаи Шерон дараси – Шерқалъа деб номланган бўлса, Олмалитоғ, Қуралай, Хўжағулота, Хўжановшавар тоғлари, Қирққиз довони ва Амир Темур ғори номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилди.
Эндиликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хариталар, иш юритиш ҳужжатлари ва хизмат ёзишмаларида ушбу қарор билан тасдиқланган номлардан фойдаланилади. Тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилади.
Тоғ тизмалари, тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар ва ғорларга ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши таъминланмоқда.
Бу сингари жараёнлар ортида Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш департаменти, турли даражадаги раҳбарлар ва ҳокимларнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари, экология, картография, кадастр сингари бир қатор соҳалар масъуллари, қўриқхона ходимлари. топонимшунос олимларнинг изланишлари ва меҳнатлари мужассам.
Вилоятда Ўзбекистон Республикаси “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуни ижроси доирасида табиий объектлар билан бир қаторда аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмлари, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектлари номлари бўйича ишлаш соҳа масъуллари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Шу билан бир қаторда тарихий аҳамиятга эга бўлган номларни тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Топонимшунос олимлар саъй-ҳаракати билан 2025 йилда вилоятда “Қашқадарё вилоятида жой номларининг изоҳли луғати” нашр этилди.
Қашқадарёлик таниқли топонимшунос Тўра Нафасов қайд этганидек: “Ном – тарих, маданият ва тил ёдгорлиги. Ном – номус, ном – виждон, ном – шаън, ном – кўзгу, ном – тафаккур, ном – шуур, ном – маънавият, ном – давр, ном – халқ, ном – Ватан”. Шу боис географик объектларни номлаш масаласи доимо долзарб аҳамият касб этади.
Ўлмас Баратов, ЎзА мухбири