Спорт ва ҳунармандчилик туризм салоҳиятини оширмоқда
Тошкент шаҳрида Мудофаа вазирлиги бошчилигида ташкил этилган Халқаро кураш чемпионати доирасида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Бугунги кунда спорт ва миллий ҳунармандчиликнинг ягона майдонда туташиши нафақат юртимизнинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда, балки бой маданий меросимизни дунёга танитишнинг ўзига хос брендига айланди. Ушбу уйғунлик сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун ҳам шиддатли спорт баҳсларидан завқланиш, ҳам миллий ҳунармандчиликнинг сирли оламига шўнғиш имконини бермоқда.

Спорт мухлислари ва сайёҳлар учун ҳам жисмоний беллашувни, ҳам маданий меросни бир жойда томоша қилиш имкониятини бериш мақсадида ташкил этилган кўргазмада ҳунармандларимиз томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик буюмлари, қўл меҳнати асосида яратилган нафис ва ўзига хос маҳсулотлар намойиш этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, бу каби тадбирлар орқали миллий ҳунармандчилигимизни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар меҳнатини оммалаштириш ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини хорижий меҳмонларга таништириш учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Миллий ҳунармандчилигимиз халқимизнинг қадимий анъаналари ва бугунги ижодкорлик уйғунлигидир.
Гулноза Бобоева, ЎзА