Ёшлар ҳоким кубоги учун беллашишди
Ёшлар ойлиги доирасида Сирдарё туманида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, улар ўртасида шахмат спорт турини кенг тарғиб қилиш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган навбатдаги йирик тадбир — “Сирдарё тумани ҳокими кубоги” шахмат мусобақаси юқори савияда ўтказилди.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокими Азизбек Турдимуродов иштирок этиб, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, интеллектуал спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталди. Шунингдек, у мусобақа қатнашчиларига омад тилаб, ҳар бир ёшнинг билим ва тафаккурини юксалтиришда шахматнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.


Сирдарё дарёси соҳилида жойлашган замонавий “Равон Арена” мажмуасида бўлиб ўтган мусобақада туманнинг барча ҳудудларидан келган 200 нафарга яқин ёш шахматчи иштирок этди. Беллашувлар турли ёш тоифаларида ташкил қилиниб, иштирокчилар ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлдилар.
Мусобақанинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, унда пара шахмат йўналишидаги спортчилар ҳам фаол иштирок этди. Бу эса мамлакатимизда инклюзив спортни ривожлантириш, имконияти чекланган ёшларни жамият ҳаётига янада кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатди.



Беллашувлар давомида ҳар бир партия кескин ва муросасиз руҳда кечди. Ёш шахматчилар ғалаба учун қатъият билан ҳаракат қилиб, стратегик фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш ва рақиб ҳаракатларини олдиндан ҳисоблай олиш борасидаги қобилиятларини намоён этишди. Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлаш, балки ёшлар ўртасида дўстлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.
Якунларга кўра, юқори натижаларни қайд этган ғолиб, совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири