Сувга сакраш бўйича Ўзбекистон кубогига старт берилди
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Сув спорти саройида сувга сакраш бўйича турли ёш тоифалари ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бошланди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан жами 106 нафар спортчи иштирок этмоқда.
Мусобақанинг биринчи кунида бир қатор ёш тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди. Жумладан, U9 ёш тоифасидаги ўғил болалар ўртасида 1 метрли трамплин баҳсларида Комронбек Яқубжонов ғолиб бўлди. Темир Мелиқўзиев кумуш, Дониёрбек Абдурашидов бронза медалига сазовор бўлди. Қизлар баҳсида эса Омина Маҳкамова биринчи, Меҳрибон Набиева иккинчи ва Аделина Қамбарова учинчи ўринни эгаллади.
U12-U13 ёш тоифасидаги ўғил болалар ўртасида Валерий Мягкий чемпионликни қўлга киритди. Муҳаммаджон Ҳошимжонов иккинчи, Муҳаммадхон Маманбаев учинчи натижа қайд этди. Қизлар ўртасидаги платформа дастурида Румий Рашитова барчадан устун келди. Валерия Комисаренко ва Маржона Сайфуллаева совриндорлар қаторига кирди.

U10-U11 ёш тоифасидаги ўғил болалар баҳсида Егор Мягкий ғолибликни расмийлаштирди. Суҳробжон Илҳомов иккинчи, Расул Мамарасулов учинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасида Лола Исоқова олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Дурдона Исмаилова кумуш, Моҳинур Султонова бронза медалини қўлга киритди.
1 метрли трамплиндан синхрон сакраш дастурида Валерий Мягкий ва Егор Мягкийдан иборат жуфтлик чемпионликни қўлга киритди. Фаризжон Қамбаров ва Алижон Мамаражабов иккинчи, Элдар Хаялиев ҳамда Абламид Бекташев учинчи ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА