Ёқилғи нархини асоссиз ошириш жавобгарликка сабаб бўлади
Ёқилғи нархи ошса, бу фақат битта соҳада эмас, бозордаги кўплаб маҳсулотлар нархига таъсир қилади.Шу боис Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан устун мавқега эга корхоналар фаолияти, хусусан, улар томонидан қўлланилаётган нархлар доимий назорат ва мониторинг қилиб борилмоқда.
2026 йил 1 июндан бошлаб ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари 10 фоизга оширилиши айрим маҳсулот ва хизматлар таннархига маълум даражада таъсир кўрсатиши табиий. Бироқ бу ҳолат монопол ва табиий монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархларини иқтисодий жиҳатдан асосланмаган тарзда ошириш учун сабаб бўла олмайди.
Қўмита томонидан монопол ва табиий монопол маҳсулотлар таннархидаги ёқилғи-энергетика ресурсларининг улуши ва уларнинг ошиши маҳсулот нархига таъсири олдиндан прогноз қилинган бўлиб, муқаддам маҳсулот ва иш хизматлар нархларини ҳақиқий харажатларга нисбатан юқори даражада шакллантирган устун мавқега эга корхоналарга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилган.
Монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархлари иқтисодий асослантирилмасдан ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонунчиликда белгиланган молиявий жарималар ва бошқа таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
Н.Раҳмонова, ЎзА