Инвестицияларга кенг йўл
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сармоя муҳитини янада яхшилаш ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезкор амалга оширишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, давлат идоралари раҳбарларининг тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиши бизнес юритиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов томонидан тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини тезкор ва манзилли кўриб чиқиш амалиёти доирасида навбатдаги ўрганиш ишлари ташкил этилди. Бу галги мулоқот инвестициявий аҳамияти юқори бўлган йирик саноат лойиҳаси жойлашган ҳудудда ўтказилди.
Ўрганишлар давомида “SATE INTL” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона томонидан амалга оширилаётган, умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қоғоз ва картондан турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан яқиндан танишилди. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилиши, маҳаллий саноат салоҳияти ошиши ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг муҳим босқичларидан бири сифатида Хитой Халқ Республикасидан қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи замонавий технологик асбоб-ускуналарни олиб келиш режалаштирилган. Ана шу жараёнда юзага келган айрим ташкилий масалалар юзасидан корхона томонидан божхона органларига мурожаат йўлланган.

Хусусан, тадбиркорлар импорт қилинаётган технологик ускуналарни божхона омбори ҳисобланмайдиган ҳудудларда сақлаш имконияти бўйича ҳуқуқий тушунтириш сўраган. Мурожаат жойида ўрганилиб, масъул мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 93-моддаси талаблари асосида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган айрим ҳолатларда товарларни божхона омборидан ташқарида ҳам божхона омбори режимига жойлаштириш мумкинлиги маълум қилинди.
Тадбиркорларга яна бир муҳим масала – божхона омборини ташкил этиш тартиби бўйича ҳам амалий тавсиялар берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли “Божхона омборини таъсис этиш ва фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори талаблари атрофлича тушунтирилди.
Учрашув давомида сармоя лойиҳаларини амалга оширишда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларига тезкор ечим топиш ҳамда қонунчилик доирасида амалий ёрдам кўрсатиш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили экани таъкидланди. Бундай ёндашув давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳамда ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бухорода амалга оширилаётган мазкур йирик лойиҳа нафақат янги саноат корхонасининг барпо этилиши, балки давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида ҳам аҳамият касб этади. Зеро, ҳар бир ҳал этилган мурожаат ортида янги имкониятлар, янги иш ўринлари ва мамлакат иқтисодиётининг янада юксалиши мужассамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири