Ўзбекистоннинг рақамли божхона тажрибаси халқаро майдонда эътироф этилди
Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё-Тинч океани савдони енгиллаштириш форуми ҳамда «Қоғозсиз савдо – 2026» ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси делегацияси фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибасини халқаро ҳамжамиятга тақдим этди.
Тадбирлар доирасида БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) томонидан ташкил этилган «Ноқонуний молиявий маблағлар ҳаракатини аниқлаш ва уларга чек қўйишнинг методологик ҳамда институционал воситалари» мавзусидаги амалий семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Бангладеш ва Қирғизистон вакиллари иштирок этиб, иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, ноқонуний капитал оқимларига қарши курашиш ва молиявий шаффофликни ошириш бўйича илғор ёндашувлар муҳокама қилинди.

Семинар давомида Божхона қўмитаси мутахассислари мамлакатимизда валюта назоратини такомиллаштириш, ноқонуний молиявий операцияларнинг олдини олиш ҳамда иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб, иштирокчилар билан ўзаро тажриба алмашди.
Шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётлари учун махсус дастури (SPECA) доирасида Савдо бўйича ишчи гуруҳнинг 21-сессияси ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони енгиллаштириш бўйича Асосий битим - Қоғозсиз савдо кенгашининг 5-сессияси бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишларда савдони енгиллаштириш, «Ягона дарча» тизимларини ривожлантириш, электрон ҳужжатлар ва сертификатларни ўзаро тан олиш, чегара ва божхона органлари ўртасида ахборот алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон делегацияси томонидан ташқи савдо жараёнларини рақамлаштириш, «Ягона дарча» ахборот тизимини такомиллаштириш, божхона назоратида хавфларни бошқариш ва таргетлаш механизмларини жорий этиш, электрон шартномалар тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самарали натижалари тақдим этилди.

Тадбирлар давомида Ўзбекистоннинг савдони енгиллаштириш, рақамли божхона хизматларини кенг жорий этиш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда минтақавий транзит салоҳиятини ошириш борасидаги амалий тажрибаси халқаро ҳамжамият вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Бу эса мамлакатимизнинг халқаро савдо ва логистика соҳасидаги нуфузи тобора ортиб бораётганини, шунингдек, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар самарали натижа бераётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА