Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда янги натижа ва марралар
Тадбиркорликни ривожлантиришда молиявий имкониятларнинг мавжудлиги ҳал қилувчи омиллардан биридир.
Янги ускуна харид қилиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, айланма маблағларни тўлдириш ёки янги хизмат турини йўлга қўйиш — буларнинг барчаси бизнеснинг кейинги босқичга чиқиши учун зарур ресурсларни талаб этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таъсисчилигидаги “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ фаолияти тадбиркорларнинг ана шундай эҳтиёжларига турли молиявий воситалар орқали ечим топишга қаратилган. Компания маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига мамлакат бўйлаб 98 031 та лойиҳа 24,6 трлн сўмлик молиявий хизматлар билан қўллаб-қувватланди.

Бу кўрсаткичларнинг аҳамияти фақат уларнинг кўламида эмас. Муҳими, ҳар бир молиявий восита бизнес олдидаги муайян масалани ҳал этишга хизмат қилмоқда. Кафиллик гаров таъминоти етишмовчилигини қопласа, компенсация кредит фоиз юкини енгиллаштиради. Ресурс ажратиш ва қайта молиялаштириш механизмлари эса тадбиркорлар учун кредитлаш имкониятларини кенгайтиради.
Турли эҳтиёжга мос молиявий воситалар
Гаров таъминоти етарли бўлмаган тадбиркорларни молиялаштиришда кафиллик муҳим воситалардан бирига айланди. Компания томонидан 14 744 та лойиҳа учун 11,5 трлн сўмлик кафиллик тақдим этилди. Натижада ушбу лойиҳаларга 29,8 трлн сўмлик кредит маблағлари жалб қилинди.
Шунингдек, 7 924 та лойиҳа учун 1,4 трлн сўмлик бозор ставкаларидан паст фоиздаги кредит ва лизинг ресурслари ажратилди.
Тадбиркорларнинг асосий воситаларга бўлган эҳтиёжини молиялаштиришга қаратилган хизматлар ипотекаси орқали 93 та лойиҳа 416 млрд сўмлик кўмак билан қамраб олинди. Яна 8 та лойиҳа доирасида устав капиталига 19 млрд сўмлик улуш киритилди.
Кредит фоиз харажатларининг бир қисмини қоплашга қаратилган компенсация хизматидан 33 806 та лойиҳалар фойдаланди. Улар бўйича 7,3 трлн сўмлик компенсация тақдим этилди. Ушбу хизмат билан қамраб олинган кредитларнинг умумий ҳажми 53,2 трлн сўмни ташкил этди.
Фоиз юкининг камайиши тадбиркорларга ўз маблағларининг кўпроқ қисмини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хомашё харид қилиш, айланма маблағларни тўлдириш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтириш имконини бермоқда.
Энг катта қамров микрокредитларни қайта молиялаштириш йўналишига тўғри келди. Ҳисобот даврида 41 446 та лойиҳа бўйича 3,9 трлн сўмлик микрокредитлар қайта молиялаштирилди. Мазкур механизм тижорат банклари ва микромолия ташкилотларининг ресурс базасини тиклаш, шу орқали кичик бизнесни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, муробаҳа ва ижара каби исломий молиялаштириш воситалари орқали 10 та лойиҳа 47 млрд сўмлик молиявий кўмак билан қамраб олинди.
Тармоқлар ва ҳудудлар манзараси
Молиявий хизматларнинг тармоқлар бўйича тақсимоти иқтисодиётнинг турли йўналишларида тадбиркорлик фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Лойиҳалар сони бўйича хизмат кўрсатиш соҳаси етакчилик қилмоқда. Ушбу йўналишдаги 38 351 та лойиҳага 7,4 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилди.
Маблағ ҳажми бўйича эса қишлоқ хўжалиги етакчи бўлди. Соҳадаги 35 702 та лойиҳа 10,3 трлн сўмлик молиявий хизматлар билан қамраб олинди.
Саноат йўналишида 16 271 та лойиҳага 6,1 трлн сўмлик, бошқа йўналишлардаги 7 707 та лойиҳага эса 806 млрд сўмлик хизматлар тақдим этилди.

Ҳудудлар кесимида молиявий хизматларнинг энг катта ҳажми Хоразм вилоятига — 2,6 трлн сўм тўғри келмоқда. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 2,4 трлн сўм, Тошкент шаҳри — 2,1 трлн сўм ва Бухоро вилояти — 2 трлн сўм билан қайд этилган. Бошқа ҳудудларга кўрсатилган молиявий хизматларнинг умумий ҳажми 15,5 трлн сўмни ташкил этди.

Молиявий хизматлар кўрсатилган етакчи туман ва шаҳарлар
Молиявий хизматлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, айрим туман ва шаҳарларда тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш кўлами юқори экани кўринади.
Молиявий хизматлар ҳажми бўйича Бухоро шаҳри етакчилик қилмоқда. Бу ерда 1 384 та лойиҳага 519 млрд сўмлик молиявий кўмак кўрсатилди. Кейинги ўринда Сирдарё тумани бўлиб, 396 та лойиҳа 511 млрд сўмлик хизматлар билан қамраб олинди. Етакчи учликни Термиз шаҳри якунлади — 1 271 та лойиҳага 438 млрд сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилди.
Кейинги ўринларда Андижон шаҳри — 1 028 та лойиҳа ва 432 млрд сўм, Нукус шаҳри — 1 173 та лойиҳа ва 388 млрд сўм, Чилонзор тумани — 859 та лойиҳа ва 369 млрд сўм, Фарғона шаҳри — 979 та лойиҳа ва 363 млрд сўм билан қайд этилган.
Молиявий қўллаб-қувватлашда хотин-қизлар тадбиркорлиги, “яшил” лойиҳалар, олис ва чегара ҳудудлардаги бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда тадбиркор аёлларнинг 20 062 та лойиҳасига 3 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 43 808 та янги иш ўрни яратилди.
“Яшил” иқтисодиёт йўналишидаги 8 945 та лойиҳа 2,2 трлн сўмлик молиявий хизматлар билан қамраб олинди. Энергия ва ресурслардан тежамкор фойдаланишга қаратилган ушбу лойиҳалар натижасида 39 828 та янги иш ўрни яратилди.
Молиявий хизматларнинг ҳудудий қамрови вилоят марказлари билан чекланиб қолмай, олис ва чегара ҳудудларни ҳам қамраб олди. Хусусан, тўртинчи ва бешинчи тоифага мансуб олис ҳудудлардаги 19 817 та лойиҳага 4,5 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилди. Натижада 80 989 та янги иш ўрни яратилди.
Чегара ҳудудларидаги 16 771 та лойиҳа 4,1 трлн сўмлик молиявий кўмак билан қамраб олинди. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 68 469 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, “оғир” тоифадаги 37 та туманда 12 356 та лойиҳага 3 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилди. “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” 33 та туман ва шаҳардаги 14 259 та лойиҳа 3,8 трлн сўмлик хизматлар билан қамраб олинди. Жадал ривожланиш ҳудудларидаги 8 611 та лойиҳага эса 2,4 трлн сўмлик молиявий кўмак тақдим этилди.

Молиявий кўмакдан бизнес барқарорлигигача
Келгусида асосий эътибор молиявий кўмак кўрсатиш билан бирга, қўллаб-қувватланган лойиҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилади.
Шу мақсадда Компания томонидан молиявий қўллаб-қувватланган тадбиркорлик субъектлари фаолияти мунтазам мониторинг қилинмоқда. Фаолиятида пасайиш кузатилган ёки муаммоли ҳолатга тушган лойиҳалар аниқланиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича манзилли чоралар белгиланмоқда.
Бунда тадбиркорларга консалтинг ва менторлик хизматларини кўрсатиш, ҳудудий ташкилотлар билан ҳамкорликда мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларнинг ўсишига кўмаклашиш кўзда тутилган.
Бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Интизомли тадбиркор” тизими жорий этилмоқда. Унда тадбиркорларнинг тўлов интизоми, фаолият барқарорлиги, тушумлари ва яратилган иш ўринлари каби кўрсаткичлар баҳоланади.
Натижада барқарор фаолият юритаётган тадбиркорларни рағбатлантириш, муаммога дуч келаётган лойиҳаларни эрта аниқлаш ва уларга ўз вақтида манзилли кўмак кўрсатиш имконияти кенгаяди.
Жойларда тадбиркорлик субъектларининг молиявий ҳолатини ўрганиш, фаолиятини соғломлаштириш ва янги ўсиш босқичига олиб чиқиш бўйича ишлар ҳам давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг учинчи чораги бошидан буён 55 та тадбиркорлик субъекти молиявий соғломлаштирилиб, уларга 48 млрд сўмлик ёрдам тақдим этилиши давом этирилади.
Тадбиркорга янги рақамли имкониятлар
Бугун тадбиркорликни ривожлантиришда молиявий кўмакнинг ўзи етарли эмас. Бизнес ғояни тўғри шакллантириш, унинг истиқболини олдиндан баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва маълумотларга асосланган қарор қабул қилиш ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, фаолиятини энди бошлаётган тадбиркор учун ғоядан аниқ лойиҳагача бўлган йўлни белгилаш, фаолият юритаётган корхона учун эса янги ўсиш имкониятларини аниқлаш барқарор ривожланишнинг муҳим шартларидан биридир.
Шу мақсадда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” томонидан тадбиркорларга молиявий хизматлар билан бир қаторда замонавий рақамли ва интеллектуал ечимларни тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлилига асосланган янги платформалар бизнес ғояни шакллантиришдан бошлаб, корхонанинг молиявий ҳолатини баҳолаш, ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва кейинги қадамларни белгилашгача бўлган жараёнларни ягона тизимга бирлаштиради.
Компанияда тадбиркорларнинг бизнес ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва истиқболли ғояларни амалий бизнес лойиҳаларга айлантириш мақсадида “IdeaLab” платформасини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Платформа тадбиркорга бизнесни ташкил этиш ва ривожлантиришнинг асосий босқичларида рақамли кўмак берувчи ягона экотизим сифатида шакллантирилади. “IdeaLab” орқали тадбиркорнинг бизнес ғояси асосида бизнес-режани автоматлаштирилган тарзда ишлаб чиқиш, бозор ва рақобатчиларни таҳлил қилиш, мақсадли аудиторияни аниқлаш, лойиҳа харажатлари, даромадлари, рентабеллиги ва бошқа молиявий-иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаш имконияти яратилади.
Шунингдек, платформада тадбиркор учун бренд концепцияси ва номини шакллантириш, логотип ва корпоратив услуб бўйича ечимлар ишлаб чиқиш, бизнес учун веб-сайт яратиш, маҳсулот ёки хизматни бозорда илгари суриш бўйича маркетинг тавсияларини шакллантириш каби замонавий хизматлар назарда тутилади.
Компанияда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама баҳолаш ва уларнинг ривожланиш салоҳиятини ошириш мақсадида “Бизнеснинг соғломлик таҳлили” амалиётини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу орқали тадбиркорнинг молиявий ва операцион кўрсаткичлари, савдо ҳажми, харажатлар самарадорлиги, бозор позицияси ва бошқа муҳим бизнес кўрсаткичлари комплекс таҳлил қилиниб, ўхшаш бизнеслар билан солиштирма устунлик ва заиф томонлари аниқланади, мавжуд муаммолар ҳамда ўсиш нуқталари белгиланади ва бизнес самарадорлиги, рақобатбардошлиги ҳамда молиявий барқарорлигини ошириш бўйича индивидуал ва амалий тавсиялар бериб борилади.
Шу тариқа, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизими молиявий хизмат кўрсатишдан бизнеснинг барқарорлиги ва ўсишини таъминлашга қаратилган комплекс ёндашувга ўтмоқда. Янги молиявий ва рақамли воситалар тадбиркорга бизнес ғояни шакллантиришдан бошлаб, уни молиялаштириш, фаолиятини таҳлил қилиш ва янги ривожланиш босқичига олиб чиқишгача бўлган жараёнларда манзилли кўмак беришга хизмат қилади.
ЎзА