Байрамга муносиб ҳозирлик кўрилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ватанимиз Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш, байрам тадбирларини кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтказиш мақсадида Бухоро вилоятида кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Байрам тадбирларини тартибли ташкил этиш, аҳоли ва меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, оммавий сайиллар ўтказиладиган ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда транспорт ҳаракатини мувофиқлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Тегишли идора ва ташкилотларга байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш, хизмат кўрсатиш тизимларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш, санитария ва ободонлаштириш ишларини кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.
Шу билан бирга, байрам муносабати билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида ҳудудларни тартибга келтириш, кўкаламзорлаштириш, кўчалар ва сайилгоҳларни ободонлаштириш ишлари жадаллаштирилмоқда.
[gallery-30976]
Мустақиллик байрами билан бир қаторда, янги 2026/2027 ўқув йилини муносиб кутиб олишга ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш, уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш ва ўқувчилар учун қулай муҳит яратишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Таълим муассасаларида мавжуд инфратузилмани тартибга келтириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик ва таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Бу борада “Энг обод таълим муассасаси” вилоят танловининг эълон қилиниши ҳам муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Танлов орқали таълим муассасаларида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини рағбатлантириш, педагоглар, ўқувчилар ва ота-оналарни умумий эзгу мақсад атрофида бирлаштириш кўзда тутилган.
Айни кунларда Бухорода байрамона кайфиятни юксалтириш, аҳоли ва меҳмонлар учун муносиб шароит яратиш, шунингдек, янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлаш учун зарур тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА